Илм-фан - 18:42 · 16.06.2022

Аграр университетнинг собиқ ректори Ботир Сулаймонов қамоқда экани маълум бўлди

Тошкент давлат аграр университетига 2013–2020 йилларда ректорлик қилган Ботир Сулаймонов айни пайтда қамоқда экани маълум бўлди. Бу ҳақда «Kun.uz» ёзмоқда.

Ботир Сулаймонов
Фото: Тошкент давлат аграр университети

Таъкидланишича, 2021 йил январгача қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари бўлган Ботир Сулаймонов айни пайтда қамоқда ва унинг устидан маҳкама кетмоқда. Бу ҳақда олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов  маълумот берган.

«Аграр университети Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфида. Бу университетга ҳозир қишлоқ хўжалиги вазири (Жамшид Хўжаев) ректор сифатида фаолият кўрсатяпти. У ерда жуда катта аттестация ўтказилди. Жуда кўп ўқитувчилар ишдан бўшатилди. Ботир Сулаймонов ишига келсак, тергов жараёни кетаётгани учун мен бир нарса айта олмайман. Энг муҳими, эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган. Ҳозир дастлабки тергов жараёни кетяпти. Балки молиявий хатоликлар бўлгандир, балки қабул билан боғлиқ ҳолатлар бўлиши мумкин.

Баъзи олий таълим муассасаларини текширганимизда шунақа хатоликлар чиқяптики, супер контрактда ўқиши керак бўлган бола оддий контракт билан ўқиши ҳолатлари кузатилмоқда. Менда ректор билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат сабабли текширув бошланди, деган қараш бор. Аммо тергов тугагунча бирор нарса айта олмаймиз. Хатоликлар бўлмаганда, ректорга нисбатан бунақа катта иш очилмасди», — деган вазир.

Нашр манбасига кўра, Ботир Сулаймонов 2021 йил октябрь ойида қамоққа олинган, айни пайтда суд жараёнлари давом этмоқда. Шунингдек, университетнинг бошқа айрим масъуллари ҳам иш доирасида судга жалб қилинган.

Bugun — LIVE