Жаҳон - 15:10 · 16.06.2022

АҚШ Эронга қарши санкцияларни кучайтирмоқчи

АҚШ Эрон билан ядровий дастур бўйича қўшма ҳаракатлар режасини тиклаш музокараларида муваффақиятсизликка учраса, унга қарши санкцияларни кучайтиради. Бу ҳақда «Politico» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Вашингтон расмийлари ёпиқ брифинг доирасида қонунчиларга бу бўйича тегишли кафолатлар берган. Оқ уй сенаторларнинг Эрон келишуви бўйича музокаралар билан боғлиқ муаммолар туфайли захира режа талаб қилиши фонида янги санкцияларга тайёрлигини билдирган. АҚШ қонунчиларига кўра, агар ядровий музокарани тиклашга уринишлар муваффақиятсизликка учраса, Вашингтон Эрон ядровий давлатга айланишининг олдини олиши керак.

«Эрон нафақат ядровий дастурига, балки ҳарбий салоҳиятига кўпроқ сармоя киритиши учун санкцияларнинг юмшатилишини истайди», — деган сенатор Марк Рубио.

Унинг фикрича, келишувга қайтиш энди энг яхши вариант эмас, чунки бу орқали Оқ уй маъмурияти ўз мақсадига эриша олиши даргумон.

Таъкидланишича, АҚШ Конгресси Сенатидаги Республикачилар ва Демократларнинг кўпчилиги бунга қўшилади. Аммо Демократик партиянинг кўплаб вакиллари ҳали ҳам Эрон атрофидаги вазиятни ҳал қилишнинг ягона тўғри ечими сифатида ядровий музокарани сақлаб қолиш эканини айтган.

Аввалроқ Эрон ядро объектларидаги халқаро кузатув камераларини олиб ташлагани ва Эрон президенти Сулаймонийнинг ўлими сабабли Трампни ҳибсга олишни талаб қилгани ҳақида хабар берилган.

Bugun — LIVE