Жамият - 21:00 · 16.06.2022

Бугун оқшоми. ОТМларда ташкил этиладиган онлайн таълим (+ қабул квоталари), яна бир лавозимга тайинланган Абдулазиз Комилов, «кўп чой ичвораётган» покистонликлар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Абитуриентлар учун муҳим янгиликлар: қабул квоталари тасдиқланди. Энди 5 тагача йўналиш билан бирга турли таълим шаклини ҳам танлаш мумкин. Бакалавр йўналишларида масовафий таълим ҳам ташкил этилади. Магистратурага бир йилда икки марта – август ва январь ойларида қабул бўлади. Маҳаллий ОТМлараро ўқишни кўчириш қийинлашди.

Фото: «Bugun.uz»

Президентнинг тегишли фармони билан 2022/2023 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари бакалаврлар тайёрлаш бўйича қуйидагича этиб тасдиқланди:

  • кундузги таълим шаклига — 77 477 нафар;
  • сиртқи таълим шаклига — 26 095 нафар;
  • кечки таълим шаклига — 3 725 нафар;
  • масофавий таълим шаклига — 3 410 нафар;
  • магистрлар тайёрлаш бўйича — 10 688 нафар.

Молиявий мустақиллик берилган давлат ОТМлар ва қабул параметрларини Васийлик кенгаши қарори билан тасдиқлаш ваколати берилган олий таълим ташкилотларига қабул параметрларини 2022 йил 20 июнга қадар тасдиқлаш тавсия этилган.

Фото: «Bugun.uz»

Ушбу қарорга мувофиқ энди давлат ОТМларига қабул жараёни ҳар йили 20 июндан 20 июлга қадар (20 июль куни ҳам) ўтказилади. Чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича эса 10 июлга қадар (10 июль куни ҳам) амалга оширилади.

Бу йилги қабул жараёнларида яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, энди абитуриентларга 5 тагача йўналиш билан биргаликда турли таълим шаклини (кундузги, сиртқи, кечки, масофавий) танлашга ҳам рухсат берилади. Шунингдек, ушбу ўқув йилидан бошлаб 12 та олийгоҳ учун тажриба тариқасида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича масофавий таълим шакли жорий этилди.

Фото: «Bugun.uz»

Магистратурага қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади, мутахассислик фанидан имтиҳон ўтказилмайди. Бунда магистратурага қабул бир йилда икки марта – август ва январь ойларида ташкил этилади.

Қайд этилишича, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари фақат давлат гранти бўйича тасдиқланади.

Эндиликда давлат олий таълим муассасалариаро талабалар ўқишини кўчиришга фақат қуйидаги икки ҳолатдагина рухсат берилади:

  • талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;
  • давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида.

Собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили этиб тайинланди. 

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Абдулазиз Комилов (собиқ ташқи ишлар вазири) яна бир лавозимга тайинланди. Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан у Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили ҳам бўлди. Комилов Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимидаги фаолиятини ҳам давом эттиради.

Маълумот учун, Абдулазиз Комиловнинг 2012 йилдан бери эгаллаб келаётган лавозими — ташқи ишлар вазири сифатида сўнгги марта 17 марта оммага кўриниш берган. Ўшанда (собиқ) вазир Ўзбекистон Донецк ва Луганскни тан олмаслигини маълум қилганди.

Ушбу баёнотдан 10 кун ўтиб Абдулазиз Комиловнинг хорижда даволанаётгани маълум қилинган (айнан қаерда, нима учунлиги эса номаълумлигича қолган). Шу йилнинг 27 апрель санасида эса Комилов вазир лавозимидан бўшатилиб, унинг ўрнига ўзининг ўринбосари — Владимир Норов ташқи ишлар вазири вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган.

Дайжест ичида сенсатив дайжест: Самарқандда «самосуд» ва боласини калтаклаган аёл. Кўнгли бўшларга қуйида қолдириладиган видеоларни кўриш тавсия этилмайди.

Тармоқларда Самарқанддаги ваҳшийликлар тасвирланган («самосуд» ва ҳатто ўз боласини уриш ҳам ваҳшийлик!) иккита видео тарқалди. Уларнинг бирида она ва бола аёлни «самосуд» қилаётгани, иккинчисида эса аёл боласини шафқатсизларча калтаклагани акс этган. Икки ҳолат бўйича ҳам вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумот берди.

Диққат! Қуйидаги видеода таъбни ҳира қилувчи ҳолат акс этган. Асаби ва кўнгли бўш инсонларга кўриш тавсия этилмайди.

Фарзандини (даҳшатли даражада ваҳшийларча) калтаклаётган аёл акс этган видеолавҳа 14 июнь куни Пайариқ туманида суратга олинган. ИИБ томонидан ўтказишлар давомида тумандаги турмуш ўртоғи билан Бошқўрғон МФЙда яшаб келаётган, 1988 йилда таваллуд топган, руҳий соғлом аёл 2020 йилда туғилган фарзандини даволатиш учун шифохонага олиб борганда у ерда стресс ва асабий ҳолатда фарзандига нисбатан ушбу ҳаракатларни содир этгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вилоятнинг Иштихон туманида 13 июнь куни Орлот маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган фермер хўжалигида она ва бола аёлни «самосуд» қилган. Ушбу ер хўжалигидан ижарачи сифатида фойдаланиб келаётган икки аёл ўртасида келишмовчилик юзага келган, жанжалга эса аёллардан бирининг ўғли ҳам аралашган. Шундан сўнг она-бола аёлга тан жароҳатлари етказган.

Диққат! Қуйидаги видеода таъбни ҳира қилувчи ҳолат акс этган. Асаби ва кўнгли бўш инсонларга кўриш тавсия этилмайди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент давлат аграр университетига 2013–2020 йилларда ректорлик қилган Ботир Сулаймонов айни пайтда қамоқда экани маълум бўлди.

Ботир Сулаймонов
Фото: Тошкент давлат аграр университети

Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқуловга кўра, 2021 йил январгача қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари бўлган Ботир Сулаймонов айни пайтда қамоқда ва унинг устидан маҳкама кетмоқда.

«Аграр университети Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфида. Бу университетга ҳозир қишлоқ хўжалиги вазири (Жамшид Хўжаев) ректор сифатида фаолият кўрсатяпти. У ерда жуда катта аттестация ўтказилди. Жуда кўп ўқитувчилар ишдан бўшатилди. Ботир Сулаймонов ишига келсак, тергов жараёни кетаётгани учун мен бир нарса айта олмайман. Энг муҳими, эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган. Ҳозир дастлабки тергов жараёни кетяпти. Балки молиявий хатоликлар бўлгандир, балки қабул билан боғлиқ ҳолатлар бўлиши мумкин.

Баъзи олий таълим муассасаларини текширганимизда шунақа хатоликлар чиқяптики, супер контрактда ўқиши керак бўлган бола оддий контракт билан ўқиши ҳолатлари кузатилмоқда. Менда ректор билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат сабабли текширув бошланди, деган қараш бор. Аммо тергов тугагунча бирор нарса айта олмаймиз. Хатоликлар бўлмаганда, ректорга нисбатан бунақа катта иш очилмасди», — деган вазир.

«Kun.uz» нашрига кўра, Ботир Сулаймонов 2021 йил октябрь ойида қамоққа олинган, айни пайтда суд жараёнлари давом этмоқда. Шунингдек, университетнинг бошқа айрим масъуллари ҳам иш доирасида судга жалб қилинган.

Ўзбекистонга ўтган 5 ойда хориждан 1,1 миллион дона телефон импорт қилинди. Май ойида хориждан олиб келинган телефонлар сони кескин қисқарган — таҳлил.

Фото: «Bugun.uz»

Статқўмга кўра, Ўзбекистонга январь–май ойларида 10 та хорижий давлатдан қиймати 80 миллион долларга тенг 1,1 миллион дона мобил телефон импорт қилинди. Кўрсаткич 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 216 311 донага ошган. Аммо, эътиборли жиҳати шундаки, май ойида телефон импорти кескин қисқарган (деярли икки бараварга). Ойлар кесимида телефон импорти:

  • январь – 129 766 дона;
  • февраль – 284 461 дона;
  • март – 286 056 дона;
  • апрель – 276 362 дона;
  • май – 124 393 дона.

Ушбу давр мобайнида энг кўп — 846 504 дона мобил телефон Хитойдан импорт қилинган. Ушбу давлат январь ойида 87 383 дона телефон олиб келинган бўлса, февраль ойида бу кўрсаткич «сакраган» — 221 973 дона. Март ойида Хитойдан импорт қилинган телефонлар ўтган ойгига қараганда уч мингта кўпни ташкил қилган. Апрелда эса кўрсаткич яна бироз пастлаган — 207 мингдан зиёд. Май ойида эса апрелга қараганда телефон импорти икки баравар қисқарган — 104 958 дона.

Вьетнамдан олиб келинган мобил телефонларда эса қизиқ жараён кузатилган: январь-апрель мобайнида деярли ҳар ой 30 минг дона телефон импорт қилинган. Аммо май ойига келиб ушбу давлатдан бор-йўги 7 мингдан сал кўпроқ телефон олиб келинган.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳиндистондан олиб келинган телефонлар сонида кескин ўзгариш кузатилган. Январь ойида 4 мингта телефон айнан Ҳиндистонда импорт қилинган бўлса, қолган 4 ой давомида жами 62 мингдан зиёд мобил алоқа воситаси олиб келиниб, мамлакат импорт бўйича кучли учликка кирган (табиийки, умумий рақамлар сингари май ойида Ҳиндистондан олиб келинган телефонлар сонида ҳам тушиш кузатилган).

БААдан Ўзбекистонга январь ойида бор-йўги 4,6 минг телефон олиб келинган, аммо февраль ойида мамлакатдан 25 мингдан зиёд мобил телефон импорт қилинган. Май ойи якунига келиб, БААдан олиб келинган телефонлар сони 46 137 донани ташкил қилган.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Тошкент шаҳрининг бош режаси борлиги маълум қилинди (қизиқ, жуда қизиқ);
  • Озарбайжон президенти Илҳом Алиев июнь ойида Ўзбекистонга келади.

Хўш, оламда нима гап?

NATO Украина армиясини постсовет қуролларидан альянс қуролларига тўлиқ ўтказиш режасини тайёрламоқда.

Фото: NATO

Ташкилот бош котиби Йенс Столтенберг бу ҳақда Брюсселда альянс мудофаа вазирларининг икки кунлик учрашуви бошланишидан олдин ва Рамштайн-3 учрашуви арафасида ўтказилган брифингда айтган. У NATO саммитида катта эҳтимол билан Украинага янги ёрдам пакети ажратиш келишиб олинишини таъкидлаган.

«Иттифоқчилар ва ҳамкорлар Украинага миллиардлаб долларлик ҳарбий техника, шунингдек, иқтисодий ва гуманитар ёрдам етказиб берди. Умид қиламанки, саммитда NATO иттифоқчилари Украинага ёрдам бериш учун кенг қамровли ёрдам пакетини, яъни совет давридаги қуроллардан NATO’нинг замонавий қуролларига ўтишни келишиб олади», — деган Столтенберг.

АҚШ разведкаси Россиянинг Украинада урушни олиб бориши бўйича 3 та сценарийни маълум қилди.

Разведка маълумотига кўра, Россия қуруқликдаги қўшинларининг учдан бир қисмигача зарар кўрган. Бироқ Путин учун «сиёсий жиҳатдан хавфли қадам» ҳисобланган умумий сафарбарликсиз янги ютуқларга эришишга интилмоқда. Ҳозирда учта мумкин бўлган сценарий кўриб чиқилмоқда.

Фото: «Al Jazeera»

1-сценарий

Россия Донбассда кичик қўшимча ютуқларга эришишда давом этиши мумкин. Бу маҳаллий босиб олиш, эҳтимол, кўп сонли артиллерия ва шахсий таркиб туфайли олдинги секин силжишни англатади.

2-сценарий

Фронт ойлар давомида ҳаракатсиз қолиши мумкин. Бу ҳар икки томондан катта йўқотишларга олиб келади ва Ғарб учун жаҳон иқтисодиётининг чарчаши туфайли инқирознинг кучайиши хавфини сезиларли даражада оширади.

3-сценарий

Ушбу сценарийнинг содир бўлиш эҳтимоли паст. Чунки бунда Путин босқиннинг бевосита вазифаларини қайта кўриб чиқишга, «ғалаба»ни эълон қилишга ва ҳарбий амалиётларни минималлаштиришга ҳаракат қилади.

Покистонда вазир аҳолидан камроқ чой ичишни сўради. У шу йўл билан мамлакат иқтисодиётини сақлаб қолиш мумкинлигини айтди.

Покистон режалаштириш, ислоҳотлар ва тараққиёт вазири Аҳсан Иқбол мамлакат иқтисодиётини сақлаб қолиш учун одамларни кунига камроқ пиёла чой ичишга чақирди.

Фото: «The National»

Покистон дунёдаги энг йирик чой импортчиси ҳисобланади. 2021 йили мамлакат уни сотиб олиш учун 600 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Иқболнинг айтишича, чой истеъмолини қисқартириш Покистоннинг бу маҳсулотга бўлган импорт харажатини камайтиради.

«Мен халқни чой истеъмолини бир ёки икки пиёлага камайтиришга чақираман, чунки биз чойни кредитга импорт қиламиз», — деган вазир.

Покистон олий мартабали вазирининг талаби мамлакат фуқаролари томонидан муҳокамага сабаб бўлган. Кўпчилик чой истеъмолини чеклаш мамлакат иқтисодий муаммосини ҳал қилишига шубҳа билдирган. Май ойида Покистон ҳукумати ўнлаб зарур бўлмаган ҳашаматли буюмларни импорт қилишни чеклаган. Бозор расталари эгаларидан эса электр энергиясини тежаш учун дўконни эрта ёпиш сўралган.

Ушбу хабардан кўринадики, «биз кўп гўшт еворяпмиз» каби гаплар фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа давлатларда ҳам (масалан, Покистонда) кузатилади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE