Илм-фан - 12:12 · 16.06.2022

Иккинчи жаҳон урушидаги шафқатсизлик: Стэнли Милгрэм эксперименти

Йел университети профессори Стэнли Милгрэм 1963 йилда тажриба ўтказишга қарор қилади. У иккинчи жаҳон уруши пайтида немис фуқаролари қандай қилиб ўз иродасига қарши, фақат юқоридан буйруқ келиши билан миллионлаб одамларни йўқ қилиши мумкинлигини билишни хоҳлайди.

Фото: «Дилетант»

Милгрэм Германия аҳолиси дастлаб итоаткор бўлишга мойил деб тахмин қилади, шунинг учун ахлоқий азоб-уқубатларга қарамай, улар доимо бўйсунади, деб ўйлайди. Германияга боришдан олдин Милгрэм АҚШда битта синов тажрибасини ўтказишга қарор қилади. Унинг натижалари Германияга бориш шарт эмаслигини кўрсатади.

Тажриба тавсифи

Экспериментда 3 киши иштирок этади — битта тажриба қилинаётган инсон ва иккита актёр. Эксперимент учун жисмоний ва ақлий жиҳатдан соғлом, милиция билан алоқаси бўлмаган, психолог кўригига бормаган энг «ўртача», энг «оддий» одамларни танлайди.

Экспериментда иштирок этаётган одамларга экспериментнинг мақсади оғриқнинг инсон хотирасига қандай таъсир қилиши деб айтадилар. Иштирокчилардан бири (талаба) узун рўйхатдаги бир нечта сўзни ёдлаши керак бўлган, иккинчиси (ўқитувчи) — талабанинг хотирасини текширади ва ҳар бир хато учун уни кучли электр токи билан жазолайди.

Эксперимент бошида ўқитувчи ва талабанинг роли синалаётган одам ва актёр ўртасида гўёки қуръа бўйича тақсимланади. Албатта, ўқитувчининг роли доим синалаётган одамга берилади. Кейин барча бўлаётган ҳодисалар ҳақиқатлигини билдириш учун талаба ҳам, ўқитувчи ҳам 45 В кучланишли ток зарбасини олишади. Шундан сўнг талаба электродли стулга боғланади.

Ўқитувчи бошқа хонага кириб, ўқувчининг эслаб қолиш қобилиятини текшириш учун саволлар бера бошлайди ва ҳар бир хато учун ўқувчини ток зарбаси билан жазолайди. Табиийки, талаба ролини ўйнаган актёр зарбаларни қабул қилаётгандай ўзини тутади. 45 В дан бошлаб, ҳар бир янги хато учун ўқитувчи 15 В дан 450 В гача кучланишни ошириши керак эди.

Шу билан бирга, 150 В да талаба экспериментни тўхтатишни сўрайди. Экспериментни ташкил қилган одам экспериментни давом эттириш кераклигини айтади. Босим ошгани сайин, актёр тобора қаттиқ оғриқни; касал юраги борлигини ва унинг аҳволи ёмонлашаётганини айтишни бошлайди; ваниҳоят, тажрибани тўхтатиш учун аҳмоқона қичқиришни бошлайди.

Агар синалаётган одам иккиланиб турса, экспериментни ташкил қилган одам тажриба учун ҳам, талабанинг хавфсизлиги учун ҳам тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олишини ва тажрибани давом эттиришни айтади.

Башорат

Тажриба бошланишидан бир неча кун олдин, Милгрэм бир нечта университет талабалари ва аспирантларидан синаладиган одамларнинг қанча фоизи тажрибанинг охиригача боришини башорат қилишни сўрайди. Улар бир овоздан 2 фоиз одам дея таъкидлашади.

Шунингдек, 39 хил психиатрлар ва профессорлардан сўровнома олишади. Уларнинг айтишича, синаладиганларнинг 20 фоиздан кўпроғи экспериментни ярим кучланиш (225 В) га қадар давом эттиради ва мингдан биттаси кучланишни максимал даражага оширади.

Натижа

Олинган натижалар барчани, айниқса, Милгрэмнинг ўзини ҳам ҳайратда қолдиради. Ҳаммаси бўлиб 40 нафар одам тажрибада қатнашади. Натижалар қуйидагича эди: қирқ кишидан фақат битта одам 300 В гача бўлган кучланишда тўхтади, бештаси 300 в, тўрттаси 315 В дан кейин, иккитаси 330 В дан кейин, бири 345 В дан кейин, бири 360 В дан кейин ва бири 375 В дан кейин; 40 та одамдан қолган 26 таси 450 В га етди.

Тахминлар

Кўрсатилган шафқатсизликни тушунтириш учун бир нечта тахминлар билдирилган, уларнинг ҳар бири учун қўшимча тажрибалар ўтказилган:

1. Барча синалган одамлар эркак эди, шунинг учун улар тажовузкор ҳаракатларга биологик мойилликка эга эди. Бошқа бир тажрибада фақат аёллар тажрибадан ўтказилади. Натижа ўзгармайди.

2. Синалган одамлар шунчаки садизмга мойил эди ва азоб чекиш имкониятидан завқланган. Юқорида айтиб ўтилганидек, улар энг оддий одамларни танлади. Аммо бундан кейин ҳам баъзи синалган одамлар шахсиятни баҳолаш учун махсус тестлардан ўтказилган. Ушбу тестлар шуни кўрсатдики, бу одамлар жуда нормал ва жуда барқарор психикага эга бўлган.

Ва яна бир қўшимча тажриба жуда қизиқарли натижани кўрсатган: экспериментни ташкил қилган одам хонадан чиқиб кетгач, хонада унинг «ёрдамчиси» қолган, шу ҳолатда фақат 20 фоиз одам экспериментни давом эттиришга рози бўлган.

Феруза Шарипова

Bugun — LIVE