NATO’нинг Украина бўйича режаларидан бири маълум қилинди
Ташкилот бош котиби бу яқин кунларда амалга ошишини айтган
NATO Украина армиясини постсовет қуролларидан альянс қуролларига тўлиқ ўтказиш режасини тайёрламоқда. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.

Ташкилот бош котиби Йенс Столтенберг бу ҳақда Брюсселда альянс мудофаа вазирларининг икки кунлик учрашуви бошланишидан олдин ва Рамштайн-3 учрашуви арафасида ўтказилган брифингда айтган. У NATO саммитида катта эҳтимол билан Украинага янги ёрдам пакети ажратиш келишиб олинишини таъкидлаган.
«Иттифоқчилар ва ҳамкорлар Украинага миллиардлаб долларлик ҳарбий техника, шунингдек, иқтисодий ва гуманитар ёрдам етказиб берди. Умид қиламанки, саммитда NATO иттифоқчилари Украинага ёрдам бериш учун кенг қамровли ёрдам пакетини, яъни совет давридаги қуроллардан NATO’нинг замонавий қуролларига ўтишни келишиб олади», — деган Столтенберг.
У иттифоқчилар Европанинг яқин ҳамкорларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, шунингдек, ҳар бир давлатнинг ташқи аралашувсиз ўз йўлини эркин танлаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини айтган.
Маълумот ўрнида, Испанияда 29-30 июнь кунлари NATO’га аъзо 30 та давлатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади.
Аввалроқ NATO бош котиби узоқ уришга тайёр бўлишга чақириб, бунинг сабабини айтганди. Шунингдек, NATO Украинадаги уруш қандай ҳолатда тугашини маълум қилганди.