Илм-фан - 0:44 · 16.06.2022

Ўзбекистонда ўқишни кўчириш бўйича янги тартиб белгиланди

Президентнинг «Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан ўқишни кўчириш бўйича янги тартиб белгиланди. Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Келтирилишича, талабалар ўқишини давлат олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича янги тартиб жорий этилади. Унга кўра, давлат олий таълим муассасалариаро талабалар ўқишини кўчиришга фақатгина қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади:

  • талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;
  • давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида.

Маълумот ўрнида, хорижий мамлакатлар ҳамда юртимизда фаолият юритаётган хорижий ОТМ филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш амалдаги тартибга мувофиқ ташкил этилади.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ваколатлари кенгаймоқда. Жумладан, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда вазирлик томонидан тасдиқланади.

Аввалроқ Ўзбекистонга хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан Олий таълим вазирлиги тизмидаги ОТМларга ўқишни кўчириш бўйича ўтиш бали белгиланганди.

Bugun — LIVE