Жаҳон - 7:02 · 16.06.2022

Покистонда аҳолига камроқ чой ичиш таклиф қилинди

Покистон режалаштириш, ислоҳотлар ва тараққиёт вазири Аҳсан Иқбол мамлакат иқтисодиётини сақлаб қолиш учун одамларни кунига камроқ пиёла чой ичишга чақирди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Фото: «The National»

Покистон дунёдаги энг йирик чой импортчиси ҳисобланади. 2021 йили мамлакат уни сотиб олиш учун 600 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Иқболнинг айтишича, чой истеъмолини қисқартириш Покистоннинг бу маҳсулотга бўлган импорт харажатини камайтиради.

«Мен халқни чой истеъмолини бир ёки икки пиёлага камайтиришга чақираман, чунки биз чойни кредитга импорт қиламиз», — деган вазир.

Покистон олий мартабали вазирининг талаби мамлакат фуқаролари томонидан муҳокамага сабаб бўлган. Кўпчилик чой истеъмолини чеклаш мамлакат иқтисодий муаммосини ҳал қилишига шубҳа билдирган. Май ойида Покистон ҳукумати ўнлаб зарур бўлмаган ҳашаматли буюмларни импорт қилишни чеклаган. Бозор расталари эгаларидан эса электр энергиясини тежаш учун дўконни эрта ёпиш сўралган.

Аввалроқ Покистонда 12 та давлат фуқароларининг мамлакатга кириши тақиқланганди.

Bugun — LIVE