Илм-фан - 0:15 · 16.06.2022

Президент фармойиши билан ОТМларга қабул квоталари тасдиқланди

Президентнинг «Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Қарор билан, 2022/2023 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари бакалаврлар тайёрлаш бўйича қуйидагича этиб тасдиқланди:

  • кундузги таълим шаклига — 77 477 нафар;
  • сиртқи таълим шаклига — 26 095 нафар;
  • кечки таълим шаклига — 3 725 нафар;
  • масофавий таълим шаклига — 3 410 нафар;
  • магистрлар тайёрлаш бўйича — 10 688 нафар.

Қайд этилишича, молиявий мустақиллик берилган давлат ОТМларининг кузатув кенгашларига ҳамда қабул параметрларини Васийлик кенгаши қарори билан тасдиқлаш ваколати берилган олий таълим ташкилотларига тегишли қабул параметрларини 2022 йил 20 июнга қадар тасдиқлаш тавсия этилган.

Хабар берилишича, Президентнинг тегишли қарорига асосан, давлат ОТМларига қабул жараёнида абитуриентларни онлайн рўйхатдан ўтказиш Ягона портал ва ДТМнинг расмий веб-сайти орқали ҳар йили 20 июндан 20 июлга қадар (20 июль куни ҳам), чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича эса 10 июлга қадар (10 июль куни ҳам) амалга оширилади.

Шунингдек, 2022 йил ҳам 5 тагача йўналиш танлаш мумкин, фақат эндиликда абитуриент турли таълим шаклини (кундузги, сиртқи, кечки, масофавий) танлашига ҳам рухсат берилади.

Президент қарорига кўра, абитуриентларга:

  • тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналишларини ҳамда бир вақтнинг ўзида барча таълим шаклларини танлаш ҳуқуқи берилади;
  • рўйхатдан ўтиш жараёнида танланган бакалавриат таълим йўналишлари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиш имконияти берилади.

Қайд эттилишича, бакалавриат йўналишлари бўйича масофавий таълим шакли жорий этилади. магистратурага қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади, мутахассислик фанидан имтиҳон ўтказилмайди.

Бунда магистратурага қабул бир йилда икки марта – август ва январь ойларида ташкил этилади. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари фақат давлат гранти бўйича тасдиқланади.

Аввалроқ Президентнинг «2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Bugun — LIVE