Жаҳон - 16:27 · 16.06.2022

«Қозоғистон олигархия тизими билан бутунлай хайрлашиши керак» — Тўқаев

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратиб, олигархларнинг ўзбошимчалигига чек қўйиш кераклигини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Президент сиёсат ва иқтисоддаги фаворитизм, олигархия ва олигополиядан халос бўлиш зарурлигини таъкидлаган.

«Қозоғистон хоҳ иқтисодиётда, хоҳ сиёсатда олигополия, олигархия тизими билан бутунлай хайрлашиши керак. Мамлакатда ижтимоий адолат бўлиши зарур. Албатта, мен утопик ва хаёлпараст ҳам эмасман, бу иш бир кун эмас, бир ой ва бир йилда бўлмаслигини тушунаман. Лекин бунга интилишимиз керак, чунки одамлар ҳамма нарсада, катта-кичик ишларда ҳам адолатни хоҳлайди.

Давлат раҳбари сифатидаги вазифам мамлакатимиз фуқаролари учун ана шу адолатни таъминлашдан иборат. Ахир, ҳеч ким унга ижтимоий иерархиядаги энг паст ўринни таъминлайдиган тақдир билан туғилмайди. Ҳамма тенг бўлиши керак. Нима бўлганда ҳам, ижтимоий лифт ишлаши керак», — деган Тўқаев.

Аввалроқ Қозоғистон президенти мамлакатнинг бойлиги айрим шахсларга эмас, бутун халққа тегишли эканини айтганди. Шунингдек, Тўқаев Қозоғистон ва Ўзбекистон олигархларини солиштирганди.

Bugun — LIVE