Жамият, Самарқанд - 13:52 · 16.06.2022

Самарқанд давлат университети ўқитувчиси пора билан ушланди

Самарқанд давлат университети ўқитувчиси фуқарони ўқишга киритиб қўйиш эвазига пора олганда қўлга олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Қўшработ тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбирўтказилган. Самарқанд давлат университети ўқитувчиси С.М. фуқаро Н.ни 4000 доллар эвазига ушбу университет қошидаги Ўзбекистон–Финляндия педагогика институтига тасвирий санъат ва чизмачилик йўналишига ўқишга киритишни ваъда қилган.

Аниқланишича, у келишилган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Тадбир давомида С.М. ўз айбига иқрор бўлиб, Н.дан олган 2 000 долларини қайтаргани процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Аввалроқ Сурхондарёда коллеж «замдиректор»и пора билан қўлга тушганди. У фуқарони ўқишга киритиши учун 5 миллион сўм талаб қилган.

Bugun — LIVE