Жамият - 23:01 · 16.06.2022

«Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга тиш-тирноғи билан ёпишиб олган сиёсатчи эмас» — Содиқ Сафоев

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев агар янги Конституция қабул қилинса, ҳамма қатори президент Шавкат Мирзиёевга ҳам сайловларда қатнашиш имкони яратиб берилишини, бу ҳуқуқдан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик эса шахснинг ўзига ва сиёсий партиясига ҳавола эканини маълум қилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, нашр журанилисти Сенат раисининг биринчи ўринбосарига «Конституциявий ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, ижтимоий тармоқларда кўпчилик асосий қомусга ўзгартиришлар киритишдан асосий мақсад президент ваколат муддатларини узайтириш экани ҳақида гапирмоқда. Сиз бу фикрга қандай қарайсиз?» дея савол берган. Содиқ Сафоев бунга қуйидагича жабор берган:

«Олдинги саволингизга жавоб бераётганда мен бугунги кунда Конституцияни ўзгартиришнинг аҳамияти ва заруриятини асослашга ҳаракат қилдим. Бу сўзларни қайтариб ўтирмайман, мен аминманки, Конституциямизга ўзгартириш киритиш вақти келди. Бунга ҳеч ким шубҳа қилмайди.

Шу билан бирга, очиқчасига буни айтайлик, янги Конституция қабул қилинса, у албатта барча фуқаролар учун, шу жумладан бугунги президентимиз учун ҳам янги конституция бўйича сайловларда иштирок этишга имконият яратиб беради.

Президентимиз бу имконият ва ҳуқуқдан фойдаланадими, фойдаланмайдими, бу биринчи навбатда ушбу шахсга ҳавола. Бу шахсни кўрсатадиган сиёсий партияга ҳавола. Лекин бу ҳақ-ҳуқуқ у кишида бўлади. Бу – халқаро тажриба, янги конституциями, янги ҳуқуқий макон яратилди ва бу янгиланади.

Шахсан, менинг фикримни сўрасангиз, тажрибадан келиб чиқиб ва халқаро вазиятни таҳлил қилган инсон сифатида шуни айтишим керакки, бугун биз бир ниҳоятда таҳликали дунёда яшаяпмиз. Кундан кунга мураккаблашиб кетяпти. Шу жумладан бу мамлакатимиз учун ҳам салбий асоратларини кўрсатмасдан иложи йўқ. Лекин шунга қарамасдан биз ислоҳотларни давом эттиришимиз керак. Мен аминманки, бу ислоҳотларни бошлаган инсонда уни охиригача етказишга имконият бўлиши керак. Буни мен ким билан хоҳласангиз ва қаерда хоҳласангиз баҳс қилишим мумкин. Биз ҳаммамиз сўнгги беш йилда шуни кўрдикки, давлат раҳбари, президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев қандайдир ҳокимиятга тиш-тирноғи билан ёпишиб олган сиёсатчи эмас. Кўриб турибмиз, у киши эл-юрт ва ватан учун хизмат қилишга бел боғлаган, ўз умрини бағишлаган инсон. Кўриб турибмизки, халқимизнинг оғирини енгил қилиш, бирини икки қилиш, келажагини таъминлаш учун қанчалик ҳаракат қиляпти».

Унинг айтишича,  охирги беш йилда Ўзбекистонда ҳам ички сиёсат, ҳам ташқи сиёсатда қилинган ишлар мисолида дунёда энг йирик давлатлар томонидан янги формациядаги лидер сифатида эътироф этилган – Ўзбекистон президенти эканини ҳамма тан олмоқда. Бу – мамлакатнинг, халқнинг катта ютуғи ва далдаси десак бўлади, буни йўқотишга ҳаққимиз йўқ.

«Бугунги таҳликали дунёда айнан дунё томонидан эътироф этилган лидер Ўзбекистонга йўлбошчи бўлиши бу халқимиз учун керак.

Мана, пандемия даврини олинг, ниҳоятда мураккаб, оғир вазият, йирик ва бақувват давлатларда инқироз чуқур тус олганда, айнан Ўзбекистонда бутун халқни жипслаштириб, барча қатламларни, нодавлат ташкилотларни ҳукумат билан биргаликда бир ёқадан бош чиқариб, шу офатдан олиб чиқиб кетилишида президентимизнинг роли катта бўлган.

Яна бир бор айтмоқчиман, башарти янги Конституция қабул қиладиган бўлсак, бу биз учун янги имкониятлар яратади. Ислоҳотларимиз ва олиб борилаётган сиёсатларимизни давомийлиги ва изчиллигини таъминлаш биз учун муҳим масала. Бу эса президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг номи билан боғлиқ. У киши қандай қарор қабул қиладилар, билмайман, шахсан мен шу давомийликни таъминлашнинг тарафдориман», — дейди Содиқ Сафоев.

Аввалроқ Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 4 март куни YouTube’даги «Alter Ego» лойиҳаси муаллифига берган интервьюсида президентлик сайловлари мавзусига ҳам тўхталиб ўтганди. Журналист Кирилл Альтманнинг «Президентликка ким энг лойиқ номзод?» дея берган саволига Содиқ Сафоев: «Давлат раҳбари лавозимига Шавкат Мирзиёевдан бошқа лойиқ номзодни кўрмаяпман», — дея таъкидлаган. Шунингдек, Содиқ Сафоев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳақида гапиргани маълум қилинганди.

Bugun — LIVE