Жамият, Тошкент ш. - 18:22 · 16.06.2022

Тошкент шаҳрининг бош режаси борлиги маълум қилинди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 15 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонаси бош директори ўринбосари Шерзод Зияев 2022 йил охиригача пойтахтнинг бош режасини тақдим этиш режалаштирилганини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири Ригина Маджитова хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, шаҳар бош режаси 2041 йилгача амал қилади. «Тошкентнинг бош режаси бор, ҳозир уни такомиллаштириш ва модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда, чунки жаҳон стандартлари аллақачон бошқача», — дейди Зияев.

Бош режани тайёрлаш муддати бир неча бор қолдирилганди. 2012 йил ёзида Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги шаҳар ҳудудининг 2030 йилгача ҳисобланган бош режаси техник-иқтисодий асослари муҳокама қилинган. Президентнинг 2018 йил августдаги қарорида пойтахт бош режасининг йўқлиги «тартибсиз қурилишга олиб келиши, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада кенгайтиришни белгилаш имконини бермаётгани, шунингдек, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тўсқинлик қилаётгани» айтилган.

Шаҳар ҳокимига 2018 йил 1 октябрга қадар бош режа лойиҳаси ва бош режанинг ўзини ишлаб чиқиш бўйича халқаро танлов ўтказиш топширилган. 2019 йил февралида пойтахт ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича собиқ биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов (ҳозирда Чирчиқ шаҳри ҳокими) апрель ойи охиригача Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси 3D форматда тайёрланиши ҳақида хабар берган. Уни яратиш устида Хитой, Туркия ва Буюк Британия компаниялари иш олиб бораётгани таъкидланган.

Кейинчалик муддатлар ўзгарган — турк компанияси жалб қилинган лойиҳа 2020 йилда топширилиши режалаштирилганди. Қурилиш вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов (ҳозирги уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири) 2020 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрининг бош режасини ишлаб чиқиш 2022 йил охиригача якунланиб, аҳолига тақдим этилиши режалаштирилганини маълум қилган. Бу муддат ҳукумат томонидан тасдиқланган муддатга тўғри келади.

Президентнинг 2020 йил ноябрдаги қарори билан 2025 йилгача Ўзбекистондаги барча шаҳарлар ва шаҳар посёлкаларининг чорак қисми бош режа билан қамраб олиниши белгиланган. Шу билан бирга, лойиҳа ҳужжатлари жамоатчилик муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланиши керак.

Қурилиш вазири ўринбосари Шукурулло Жаҳонгиров Ўзбекистондаги шаҳарларнинг 98 фоизида бош режа ишлаб чиқилганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, 120 та шаҳарнинг 118 тасида бош режа ишлаб чиқилган. Республикада жами 120 та шаҳар, 1080 та қишлоқ бор. Вазир ўринбосари 205 та аҳоли пунктида ҳам ишлар олиб борилгани, қишлоқ аҳоли пунктларининг 30 фоизи архитектура-режалаштириш лойиҳалари билан таъминланганини таъкидлаган. Маҳаллаларнинг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича 3 йиллик дастур асосида бугунги кунга қадар 214 та маҳалланинг бош режаси такомиллаштирилган.

«Бу кўрсаткич 2022 йилда яна ортади. Гап шундаки, 2022 йил охиригача 108 та фуқаролар йиғинининг бош режаси ниҳоясига етказилади. Бу жараёнларда, албатта, жамоатчилик фикри ўрганилади ва инобатга олинади», — дея тушунтирган у.

Қурилиш вазирлигининг «2022–2024 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан шаҳар, шаҳарча ва қишлоқларнинг бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун 200 миллиард сўм маблағ ажратилган.

«Ушбу маблағлар 28 та шаҳар ва аҳоли пунктлари, 108 та қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, жами 31 та ‘Янги Ўзбекистон’нинг қурилиш лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, дастурда 2023–2027 йилларга мўлжалланган 17 та шаҳарнинг аввал ишлаб чиқилган бош режаларига ўзгартиришлар киритиш, 292 та шаҳар ва 649 та қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режасиини ишлаб чиқиш лойиҳаси киритилган», — деган қурилиш вазири ўринбосари Жалол Арашов.

Бундан ташқари, шаҳарларнинг 100 фоизини, шаҳар типидаги аҳоли пунктларининг 48 фоизини ва қишлоқ аҳоли пунктларининг 40 фоизини шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш режалаштирилган. 2018–2022 йилларга мўлжалланган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида 1944 та маҳалланинг бош режалари ишлаб чиқилган.

Нидерландиядан келган мутахассис Барт Маскинс бир неча ой давомида бошқа мутахассислар билан биргаликда мамлакатнинг махсус миллий бош режаси устида ишлаганини таъкидлаган ва уни ишлаб чиқишнинг мураккаблигини тушунтирган.

«Бу ҳукуматнинг яқин 20 йилга, 2040 йилгача бўлган стратегик сиёсати, яъни давлат қандай ривожланиши ҳақида. Ва бу ҳар қандай давлат учун қийин савол. Биз аҳолининг ўсиши, иқтисодиёти, мамлакат 20 йилдан кейин қандай кўринишда бўлишини олдиндан айтишимиз керак. Бу Ўзбекистон тарихидаги биринчи бош режадир», — дея хулоса қилган у.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Термиз халқаро савдо маркази бош режаси билан танишгани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE