Бугун оқшоми. Тошкентда чипта ажиотажи, Украинадаги урушда қатнашаётган ўзбекистонлик, Путинни глобал хавф деб атаган Порошенко

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Тошкентда билет ажиотажи. Ўзбекистон–Саудия Арабистони U-23 футболчилари ўртасидаги финал ўйини учун билетлар сотувга чиқарилди. Стадион кассаларида узундан-узун навбат ҳосил бўлган, чипталар «қўлда» 5–6 баравар қимматга сотилмоқда.

Тошкент шаҳридаги «Бунёдкор» стадионида 19 июнь куни Осиё кубоги U-23 мусобақасининг финал ўйини бўлиб ўтади. Ҳал қилувчи баҳсда Ўзбекистон–Саудия Арабистони футболчилари майдонга тушади. Шу пайтгача текинга тарқатилган билетлар энди пулли бўлди. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаевнинг маълум қилишича, чипталар секторига қараб 100, 50 ва 25 минг сўмдан сотилиши режалаштирилган. Аммо ундай бўлмади.

Фото: «Bugun.uz»

«Бунёдкор» стадиони атрофидаги ҳолатни ўрганишга борган «Bugun.uz» мухбирининг хабар беришича, кассаларда чипталар кўп эмас, шунда ҳам фақатгина дарвоза орти ва ён тарафидаги секторлар билетлари сотувга чиқарилган. Кассаллар атрофида минглаб одам тўпланиб, билет талаб қилиб, норозилик билдирган. Стадион атрофидаги кўчаларда 6-7 балли тирбандлик юзага келган. Айтилишича, иш вақти тугагандан сўнг касса атрофига тўпланган муҳлисларни кўздан ёш оқизувчи газ билан ҳайдашган.

Мухбиримизнинг қўшимча қилишича, кассадан олишнинг деярли иложи йўқ чипталарни «олиб-сотарлар»дан 5-6 баравар қимматга сотиб олиш мумкин (аммо, шарҳловчи Даврон Файзиев муҳлисларда бундай қилмасликни, «қўлдаги» билетлар сохта бўлиши мумкинлигини ёзганди). «Бунёдкор» кассаларида (Диёр Имомхўжаев айтганидек) 25 минг сўмдан сотилган дарвоза орти секторларига чипта 100-170 минг сўмга сотилган (ҳа-ҳа, сотилган — сотиб олганлар бўлган).

Куннинг иккинчи ярмидан бошлаб финал учрашуви чипталари «iTicket.uz» платформаси орқали онлайн сотувга чиқиши айтилганди. Аммо ҳалигача сайтда билетлар сотуви бошлангани йўқ (ҳатто, орада сайт «ўчиб қолди»).

Соат 21:00 ҳолатига кўра платформадаги ҳолат
Скриншот: «iTicket.uz»

Марказий ва муҳим учрашувларолди содир бўладиган сценарий яна такрорланмоқда — чипталар «қўлда», муҳлислар эса 5-6 баравар қимматроққа ҳам сотиб олишга тайёр. «Пахтакор»да ироқликлар ва ҳакамга нисбатан норозилигини тошбўрон билан билдирган ишқибозлар ярим финал учрашувини стадион ёнида, катта монитор қаршисида кўрганди (ОФК қўйган тақиқ сабаб). Энди улар стадион ичига интилмоқда, чипталар сотувини тартибга солишнинг вақти келиб, ҳатто ўтиб кетган ҳам. Бу ҳолатни кўриб ҳатто пойтахт осмони ҳам «йиғлаб юборди» («жаҳли чиққан» бўлиши ҳам мумкин — ҳокимлик қаттиқ шамолдан ҳам огоҳлантирган).

Сергели ерусти метросида Москвадан олиб келинган янги поездда қисқа туташув содир бўлди.

Тошкент шаҳри Сергели туманидаги ерусти ҳалқа йўли йўналишининг 6-ва 7-бекатлари оралиғида 16 июнь куни соат 20:05 да (Москвадан келган) янги поездда қисқа туташув содир бўлди. «Тошкент метрополитени» ДУК бу ҳолатни йўл четидаги тўсин тунукасининг бир қисми кучли шамол сабабли ўз ўрнидан кўчгани билан изоҳлади.

Юқоридаги видеода аск этган ҳолатдан сўнг машинист ҳаракат таркибини тўхтатиб, ҳаракатланишга хавф соладиган ҳолатлар йўқлигини текшириб, ўз ҳаракатини давом эттирган.

Қизиқ тарафи шундаки, ушбу ҳолат акс этган видео тарқалганидан кейин (анча кейин, мухбирларимиз матбуот котибига чиқиб, изоҳ сўраб, илтимос қилгандан кейинам чўзиб) изоҳ берди. Бунга журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эътибор қаратиб, метрополитен (матбуот хизмати)га тавсия берди: «Дарров олдини олиб, ‘ўртоқ ҳамшаҳарлар, ҳозиргина битта носозлик бўлди, Москвадан янги олиб келган составимизни куйдириб қўйдикʼ, деб ёз, жамоатчиликдан келадиган зарба бироз юмшасин шу билан. Йўқ, жиииим ўтираверади, туғилган кун билан табриклаб, метрога киришда сумкани кўрсатиш кераклиги ҳақида фалсафа сўқиб». Москвадан келган янги ҳаракат таркибининг номи, ростанам, Аломатдир, балки.

«Ишимни қилиб қўйганманда!» — Избоскан ҳокими ёрдамчиси иш вақтида креслода ётиб, TikTokʼда видео томоша қилди. Ходим ишдан бўшатилди.

Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокими ёрдамчиси 6 июнь куни иш вақтида креслода ётиб, ТикТокʼда видео томоша қилаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати идео «қаҳрамони» — Ҳожимурод Умрзоқов 16 июнь кунидан эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини маълум қилди.

Тармоқларда 15 июнь куни тарқалишни бошлаган видео 6 июнь куни фуқаро Муҳаммадюсуф Йўлдошев томонидан тасвирга олинган. Унда ҳоким ёрдамчиси Ҳожимурод Умрзоқов иш вақтида ҳокимият ички тартиб-қоидалари ва этика қоидаларига зид тарзда оёғини столнинг устига чиқариб, креслода ётиб, Ўзбекистонда блокланган тармоқ — TikTok’да видео томоша қилаётгани акс этган. Ерда сочилиб ётган ҳужжатларни эса тасвирга олган шахс тушириб юборган (шунга қарамай, ҳоким ёрдамчиси пинагини ҳам бузмаган, «ишимни қилиб қўйганман», деб ўтираверган).

Мазкур ҳолат бўйича 16 июнь куни (видео тармоқларда айланишни бошлагандан бир кун ўтиб) туман ҳокими Серобиддин Исмоилов ҳокимият тизимида фаолият кўрсатаётган барча ходимлар: ўринбосарлар, бўлим бошлиқлари, шўъба мудирлари, мутахассислар ҳамда техник ходимлар учун йиғилиш ўтказган.

Йиғилиш якунида ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган Ҳожимурод Умрзоқов 16 июнь кунидан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Ҳоким шу куннинг ўзида ёрдамчисини ишдан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Тўй куни келинни урган куёв воқеасига Сенат ҳам муносабат билдирди. Келин-куёв ҳозирда бирга яшамоқда.

Кадр: Telegram

Олий Мажлис Сенати Хотин қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аёлларга, қизларга бўлаётган бундай зўравонлик ҳолатларини кескин қоралашини қайд этган. Ҳамда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик, зўравонлик қилаётган шахсларга кескин чоралар кўриш бўйича иш олиб боришни мақсад қилиб қўйганини маълум қилган.

Аниқланишича, бу тўй 2022 йил 6 июнда, Сурхондарё вилояти Узун туманидаги «Толтугай» маҳалласида бўлиб ўтган. Воқеа юз берганидан кейин маҳалладаги отахон ва онахонлар, келин-куёвнинг яқинлари иштирокида воқеа муҳокама этилиб, куёвнинг қилмиши нотўғри бўлгани танқид қилинган. Йигит қилмишидан пушаймон эканлигини айтиб, келиндан кечирим сўраган. Шу куннинг ўзида келин-куёв ярашиб кетган, ва улар ҳозирда бирга яшаётгани айтилган.

Аввалроқ Узун тумани ИИБ томонидан куёвга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилганди.

Айтганча, яна шу Сенат матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилмоқда.

Россия банки «Ўзагроэкспортбанк»ни сотиб олиш бўйича битимни бекор қилади. Бунга «Совкомбанк»ка нисбатан жорий этилган санкциялар сабаб бўлган.

Фото: «РИА Новости»

Россия «Совкомбанк»и томонидан «Ўзагроэкспортбанк»ни сотиб олиш бўйича битим бекор қилинади. Маълум бўлишича, битимнинг бекор қилиниши бўйича Санкт-Петербург иқтисодий форумида «Совкомбанк» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сергей Хотимский гапириб ўтган.

«Биз вазият ўзгаришига умид қилишда давом этамиз, санкциялар билан боғлиқ вазият бартараф этилгач, биз Ўзбекистон бозорига фаол кредитор сифатида катта мамнуният билан қайтамиз. Ҳозир, афсуски, биз кредит лойиҳаларимизнинг аксарият қисмини қисқартиришга мажбурмиз.

Ўзбекистон ҳукумати яқин орада уни хусусийлаштиришни режалаштирмоқда ва биз шартларга кўра бу жараёнда иштирок эта олмаймиз. Ҳозир томонларнинг ўзаро қарорига кўра, битимни бекор қилиш босқичида. Айтишимиз мумкинки, у деярли бекор қилинди», — дея қўшимча қилган Хотимский.

Маълумот ўрнида, «Совкомбанк» «Ўзагроэкспортбанк»нинг 100 фоиз давлат улушини 2022 йилнинг февраль ойи ўрталарида тузилган келишувга кўра, 4 миллион долларга сотиб олиши керак эди.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Ўзбекистонда 2022 йил 1 августгача хорижга чиқиш биометрик паспортини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Давлат хизматлари маркази орқали бериш тўлиқ жорий қилинади;
  • Ўзбекистонда тез тиббий ёрдамнинг туман (шаҳар) ёки ҳудуд чегарасидан қатъи назар беморгача масофанинг яқинлигига қараб тиббий бригадани йўналтириш йўлга қўйилади. Tез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими Тошкент шаҳри тажрибаси асосида республиканинг бошқа ҳудудларида 2023 йил 1 сентябрга қадар тўлиқ жорий қилинади.

Хўш, оламда нима гап?

Россия Мудофаа вазирлиги Ўзбекистон фуқароси Украинадаги урушга ёлланма аскар сифатида боргани эълон қилди. Ўзбекистон томонида бу бўйича маълумот йўқ.

Россия Мудофаа вазирлиги 17 июнь куни уруш бошланганидан буён Украина томонида жанг қилиш учун келган хорижлик ёлланма аскарлар сони ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Улар орасида бир нафар ўзбекистонлик ҳам бор.

Фото: «BBC»

Маълумотларга кўра, «Махсус ҳарбий операция» бошлангандан бери Киев расмийлари Украинага 6956 нафар хорижлик ёлланма аскарни жалб қилган, улар орасида тириклар рўйхатида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам қайд этилган. Бундан ташқари, рўйхатда Қозоғистон фуқароси ҳам ўрин олган. Ёлланма аскарларнинг аксарияти Польшадан келган.

«Халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига кўра, ёлланма аскарлар жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этмайди, алоҳида ҳуқуқий мақомга эга эмас. Уларни жиноий жавобгарлик кутмоқда», дейилади хабарда.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ахборот хизматининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, тизимда ушбу маълумот юзасидан ҳозирда янгилик мавжуд эмас.

«Россия Украинага бостириб кирмади» — Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Фото: «ТАСС»

Сергей Лавровнинг сўзларига кўра, Ғарб Украинани NATO’га жалб қилиб, жиноий фаолият олиб борган. Шунинг учун, Россиянинг «махсус операция» ўтказишдан бошқа йўли қолмаган.

«Россия Украинага бостириб кирмади. Ғарбнинг жиноий фаолият билан шуғулланаётгани, Украинани NATO’га тортаётгани, неонацистлар тузумини асраб-авайлаши, ҳомийлик қилишини Ғарбга тушунтиришга имконимиз қолмаганида ‘махсус ҳарбий операция’ эълон қилдик. Президент Владимир Зеленский 2021 йил сентябрида, агар кимдир Украинада ўзини рус одамидек ҳис қилса, Россияга жўнаб кетишига рухсат беришини айтганди.

Бу ҳақда Зеленский очиқ гапирган. ‘CNN’ мухбири унга Азов полки баъзи Ғарб давлатлари, АҚШ, Японияда экстремистик, террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилганини айтганида, Зеленский елка қисган ва уларда бундай батальон ва полклар кўплигини таъкидлаган», — деган у.

Биз бу хабарни ёзмадик, дайжестга ҳам қўшмадик. Сиз эса ўқимадингиз. Юқорида Сенат муносабат билдирган куёв ҳам келинни урмаган. Ер ҳам думалоқ эмас. Ҳаммаси тескари.

Контраст: «Глобал муаммо инфляция эмас, очарчилик, уруш ва Путиндир» — Пётр Порошенко.

Озарбайжонда 16 июнь куни «Глобал дунё тартибидаги таҳдидлар» мавзусида ИХ глобал Боку форуми бошланди. Унинг очилишида Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко ҳам сўзга чиқди, дея хабар бермоқда унда бевоситда иштирок этаётган «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Пётр Порошенко ҳозирда глобал муаммо очарчилик, уруш ва Путинлиги ҳақида гапириб, Путинниг ҳаракатларини кескин танқид қилган. Шунингдек, у кўрингани каби кучли эмаслигини таъкидалаган.

«Ҳамма нарсани ўз номи билан айтайлик. Ҳозирда глобал муаммо инфляция эмас, асл муаммо очарчилик, уруш ва Путиндир. Инсонларни миграцияга ундаётган сабаб очарчилик эмас, бунга Путин очган уруш сабаб. Энергия нархлари ошмаяпти, Путин энергия урушини олиб боряпти. Ҳозирда Путинга тегишли пропаганда инсонлар онгини заҳарлаб келмоқда. Ҳатто Украинани мағлуб қилган тақдирда ҳам Путин тўхташни хоҳламайди.

Дунёдаги иккинчи ўринда турган армиянинг асл аҳволини ҳамма кўриб турибди. Яхши янгилик нимада агар биз барчамиз бир бўлсак, агар унинг режимига қарши бақувват турганларни кўрадиган бўлса, Путинни тўхтата оламиз. Путин кўринганидек кучли эмас. Биз буни ҳар куни исботлаб келмоқдамиз. Биз оёқда қолиш ва курашни давом этишимиз учун ёрдам беринг. Бизга сизларни ва дунёни ҳимоя қилишимиз учун ёрдам беринг», — деди собиқ президент.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати узайтирилади
Жаҳон13:14 | 13.8.22
Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати узайтирилади
Ўзбекистонда 6 ойда қанча хорижлик никоҳдан ўтгани маълум бўлди
Жамият12:51 | 13.8.22
Ўзбекистонда 6 ойда қанча хорижлик никоҳдан ўтгани маълум бўлди
ДХХ ўзини ДТМ ходими дея таништириб, ўқишни кўчириб бериш учун 3 минг доллар олган йигитни ушлади
Жамият12:04 | 13.8.22
ДХХ ўзини ДТМ ходими дея таништириб, ўқишни кўчириб бериш учун 3 минг доллар олган йигитни ушлади
Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилди — фото
Жаҳон11:27 | 13.8.22
Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилди — фото
Facebook ва Instagram фойдаланувчиларни кузатиши маълум қилинди
Жаҳон11:13 | 13.8.22
Facebook ва Instagram фойдаланувчиларни кузатиши маълум қилинди
Ўзбекистон мобил алоқа абонентлари сони маълум қилинди
Жамият11:10 | 13.8.22
Ўзбекистон мобил алоқа абонентлари сони маълум қилинди