23:02 | 17.06.22 160

ДХХ Тошкентда вояга етмаганларга ноқонуний диний таълим берган эр-хотинни ушлади

Уларнинг болаларга нисбатан жисмоний куч ишлатгани аниқланган

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси 15 нафар вояга етмаганларга ноқонуний диний таълим берган эр-хотинни ушлади. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Сергели туманида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида хусусий уйлардан бирида яшовчи 37 ёшли Ортиқали А. ва унинг турмуш ўртоғи 35 ёшли Матлуба А. тегишли рухсатсиз 15 нафар вояга етмаган болаларга диний адабиётлардан фойдаланган ҳолда дарс ўтказган. Воқеа жойидан диний адабиётлар ва мобил телефонлар топилиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддасига (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) асосан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шунингдек, ҳолатни ўрганиш жараёнида болаларга мунтазам равишда психологик ва жисмоний тазйиқ ўтказилгани маълум бўлган. Уларга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани аниқланган.

«Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Вояга этмаган болаларга етказилган тан жароҳатларининг оғирлигини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Текширув натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилинади. Барча ҳолатлар аниқлангунига қадар болалар Тошкент шаҳар ИИББнинг Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилиб, уларга психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда», дейилади хабарда.

Аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари хамкорлигида 14 май куни ўтказилган тезкор тадбир давомида вояга етмаган қизларга ноқонуний равишда диний таълим бериб келган фуқаро аниқланганди. Шунингдек, ДХХ вояга етмаганларга ноқонуний диний таълим берган фуқарони ушлаганди. Ҳамда Фарғонада вояга етмаганларга ноқонуний диний таълим берганлар ушлангани хабар қилинган.