Жамият - 22:31 · 17.06.2022

Ўзбекистонда сўнгги 6 йилда оналар ва гўдаклар ўлими қанчага камайгани маълум бўлди

Президентнинг Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказига ташрифи чоғида оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақжа давлат  раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, мамлакат аҳолисининг 20 миллионини болалар ва туғиш ёшидаги аёллар ташкил этади. Уларнинг саломатлигини алоҳида эътиборга олиш мақсадида шу йилдан барча туман ва шаҳарлардаги кўп тармоқли поликлиникаларда болалар бўлими ташкил этилди. Куну тун ишлайдиган педиатр шошилинч постлари ва болалар реанимация бўлимлари қайта тикланufy.

Туғруқ комплекси ва перинатал марказлар, аёллар маслаҳатхоналари томонидан йилига 850 минг нафар ҳомиладорларга малакали тиббий хизматлар кўрсатилмоқда. Барча марказий поликлиникаларда «Онко-назорат» хоналари ташкил этилиб, 35 ёшдан ошган аёллар ҳар йили скрининг текширувидан ўтказилмоқда. Бу аёлларда саратон касалликларини эрта аниқлаш имкониятини 10 баробарга оширufy.

Бу ишлар натижасида сўнгги олти йилда оналар ўлими интенсив кўрсаткичи 21 дан 15 га, гўдаклар ўлими 11 дан 8 га камайган. Лекин битта шундай ҳолат ҳам жамиятимиз учун катта фожиа. Шу боис йиғилишда оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинган.

Бугунги кунда республика бўйича атиги 16 та шифохонада асоратли ҳомиладорликка ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатилмоқда. Шу боис 46 та туман ва шаҳардаги туғруқ мажмуаларида зарур шароитлар яратиб, туманлараро перинатал марказига айлантирилиши қайд этилган. Ҳар бир поликлиникада ташкил этилган 17 мингта тиббий бригада учун малакали доялар тайёрлаб, фаолиятини йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилган.

Бу йил Тошкент шаҳридаги 15 та туғруқхонада чақалоқларнинг эшитиш қобилиятини текшириш бошланди. Мутахассисларни ўқитиб ва махсус ускуналар харид қилиб, келгуси йилдан барча туғруқхоналарда жорий қилиш вазифаси қўйилган.

Бугунги кунда туғиш ёшидаги аёллар соғлиғига – Репродуктив саломатлик маркази, ҳомиладаги нуқсонларни аниқлашга – Скрининг маркази, фарзанд кўриш жараёнига – Акушерлик ва гинекология маркази масъул ҳисобланади.

Уларнинг ҳудудий филиаллари бир-бири билан боғлиқ ҳолда ишламагани сабабли аёллар сарсон бўлмоқда.

Давлат раҳбари мазкур 3 та муассасани бирлаштириб, янги марказ ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Бу янги марказ инновацион технологиялар асосида репродуктив саломатликнинг тиббий-биологик муаммоларини ҳал этиш, туғма ногиронликнинг олдини олиш бўйича генетик тадқиқотлар олиб бориш, бехатар оналикни таъминлаш каби жуда муҳим вазифаларга ихтисослашади.

Йиғилишда соҳа мутасаддилари, шифокорлар, ҳокимлар сўзга чиқиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Вилоят ҳокимлари онкология ва гематология хизматларини ривожлантириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш чоралари бўйича ҳудуд халқига мурожаат қилиши белгиланган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолияти билан танишганди.

Bugun — LIVE