Жамият - 10:27 · 17.06.2022

Ўзбекистонда тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилади

Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими Тошкент шаҳри тажрибаси асосида республиканинг бошқа ҳудудларида 2023 йил 1 сентябрга қадар тўлиқ жорий қилинади. Президент Шавкат Мирзиёев бу бўйича фармонни имзолади.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳужжатга кўра, Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиали тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида ташкил қилинади ва тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилади.

Марказ Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги тез тиббий ёрдам фаолиятини республика бўйича мувофиқлаштиради ва назорат қилади. Тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари ҳамда махсус автотранспорт воситалари (эҳтиёт қисмлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқалар), дори воситалари ва сарфлаш материаллари, тиббий жиҳозлар таъминоти Марказнинг ҳудудий филиалларига ўтказилади.

Марказ ва унинг ҳудудий филиалларида ситуацион мувофиқлаштирувчи бўлимлар ташкил этилиб, туман (шаҳар) ва ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини таҳлиллар асосида бошқаради ва такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги автохўжаликлар таркибидаги тез тиббий ёрдам автотранспорт воситалари Марказнинг ҳудудий филиаллари таркибига ўтказилади ҳамда автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш аутсорсинг шартномалари асосида амалга оширилади. Тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларида ёқилғи-мойлаш материалларининг сарфи электрон дастур орқали назорат қилинади.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 декабргача Андижон, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари, 2023 йил 1 сентябргача эса Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари туман (шаҳар)ларидаги диспетчерлик хизматлари тугатилиб, Тошкент шаҳри тажрибаси асосида Марказнинг ҳудудий филиалларида ягона «Call-марказ»лар фаолияти йўлга қўйилади.

Тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув тизимини жорий этиш Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида 5 май куни тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Шунингдек, Президент қарори билан 1000 та тез тиббий ёрдам махсус транспорти харид қилиниши хабар қилинганди.

Bugun — LIVE