Ўзбекистонда тез ёрдам бригадаларини беморгача масофанинг яқинлигига қараб йўналтириш йўлга қўйилади
Тез ёрдам машиналарига радиоалоқа воситалари ва GPS-трекерлар ўрнатилади
Ўзбекистонда тез тиббий ёрдамнинг туман (шаҳар) ёки ҳудуд чегарасидан қатъи назар беморгача масофанинг яқинлигига қараб тиббий бригадани йўналтириш йўлга қўйилади. Бу бўйича Президент қарори имзоланди.

Ҳужжатга кўра, келиб тушган чақирувлар бўйича саралаш орқали бемор аҳволи, касаллик тури ва оғирлик даражасига қараб чақирувларга тегишли тиббий бригадаларни йўналтириш тизими жорий этилади.
Шунингдек, тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига радиоалоқа воситалари ва GPS-трекерлар ўрнатилади. Тез тиббий ёрдам бригадалари планшетлар билан таъминланади. Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, уларни ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш аутсорсингга ўтказилади ҳамда уларни электрон тизим орқали назорат қилиш ташкиллаштирилади.
Жаҳон банкининг шошилинч хизматларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида берилган 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар тез ва шошилинч тиббий ёрдамни рақамлаштириш тадбирларига йўналтирилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Президент қарори билан 1000 та тез тиббий ёрдам махсус транспорти харид қилиниши айтилганди.