Жаҳон - 23:34 · 17.06.2022

Путин рози бўладиган ягона шарт, урушнинг кутилмаган сабабини айтган Меркель ва Россия гази етишмаётган Европа

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 17 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «NDTV»

Путин бир шарт билан Зеленский билан музокарага рози бўлиши мумкин — Кулеба

Владимир Путин қўлга олинган жануб ёки Донбассдан воз кечишга мажбур бўлгандагина Украина президенти Владимир Зеленский билан музокарага рози бўлиши мумкин. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба «Foreign Affairs»га бергаб мақоласида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, жанубда Украина армияси аллақачон қарши ҳужумларни бошлаган ва илғор қуроллар душман мудофаасини ёриб ўтиш учун қўлланилмоқда.

«Биз русларни Украинанинг стратегик барқарорлиги учун калит бўлган Херсон шаҳрини тарк этиш ёқасига олиб келишга ҳаракат қиламиз. Агар жанубда ҳам, шарқда ҳам олдинга силжий олсак, Путинни жанубдаги шаҳарлардан — Херсон ва Мелитополдан воз кечиш ўртасида танлов қилишга мажбурлашимиз мумкин», — деган Кулеба.

Байден АҚШ нега Россия билан урушда Украинани қўллаб-қувватлаётганини тушунтирди

Агар АҚШ Россия агрессиясига қарши курашда Киевга ёрдам бермаса, Европада тартибсизлик бошланиб, Россия бошқа давлатларга бостириб киришда давом этарди. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден «Associated Press» агентлигига берган интервюсида айтиб ўтди.

«Агар 100 000 дан ортиқ аскар бутун бир халқнинг маданиятини босиб олишга ва йўқ қилишга уриниш учун чегарани кесиб ўтаётганида энг қудратли ташкилот — NATO Россия агрессиясидан узоқлашса нима бўлади?» — деган Жо Байден.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатда Европада яна тартибсизликлар юзага келади.

Меркель Путиннинг Украинага ҳужумининг кутилмаган сабабини маълум қилди

Германиянинг собиқ канслери Ангела Меркелнинг фикрича, унинг федерал ҳукумат раҳбари лавозимидан кетиши Путиннинг 24 феврал куни Украинага ҳужум қилиш қарорига таъсир қилган бўлиши мумкин. У бу фикрини “RND” нашрига берган интервьюсида билдирди.

«Эҳтимол, менинг истеъфога чиқишим Россия босқини, Франсиядаги сайловлар, Афғонистондан қўшинларнинг олиб чиқилиши ва Минск келишувлари амалга оширилишининг пасайишига ҳисса қўшгандир», — деган Меркель фаолиятининг сўнгги йилида можарони ҳал қилишга уринишлар муваффақияцизликка учраганини тан олган ҳолда.

Ўша интервьюда Меркель, шунингдек, Украина ва Россия ўртасидаги ҳолатни тартибга солишда воситачи бўлиши мумкинлигини инкор этмаган.

Reuters: «Иссиқлик тўлқини ва таъминотнинг кескин қисқариши шароитида Европада Россия гази етишмаяпти»

Россия газининг Европага етказилиши 17 июн куни талабга нисбатан камайди. Бу блокнинг жанубий қисмини қамраб олган эрта иссиқлик тўлқини ва қитъада қишгача газ захирасини йиғиш қийин бўлишидан қўрқиш шароитида нархларнинг кўтарилиши билан бир вақтга тўғри келди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Хусусан, Италия ва Словакия «Шимолий оқим — 1» қувури орқали одатдаги газ ҳажмининг ярмидан камроғини олганини қайд этган. Франция эса 15 июндан бери Германиядан Россия газини олмаганини билдирган.

Путин: «Россиянинг Украинанинг ЕИга киришига ҳеч қандай қаршилиги йўқ»

Президент Владимир Путин Россия Украинанинг Европа Иттифоқига киришига қарши эмаслигини, чунки у ҳарбий блок ҳисобланмаслигини айтди. Бироқ, президентнинг сўзларига кўра, унга қўшилганидан кейин Украина ЕИнинг «ярим мустамлакасига» айланади.

«Европа Иттифоқи NATO’дан фарқли ўлароқ ҳарбий ташкилот, ҳарбий-сиёсий блок эмас, шунинг учун биз ҳар доим айтганмиз ва мен ҳам айтганман, бу ерда бизнинг позициямиз изчил, тушунарли: бизда бунга қарши ҳеч нарса йўқ», — деган президент Петербург халқаро иқтисодий форумида.

Bugun — LIVE