Жаҳон - 18:24 · 17.06.2022

Қирғизистон Ўзбекистон билан чегара яқинида магистрал канал қурмоқда

Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Боткен вилояти Қадамжой туманида магистрал канал қурилмоқда. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.

Фото: «24.kg»

Маълум бўлишича, тоғли ҳудудда қурилиш ишлари 2022 йил апрел ойида бошланган.

«Бу катта лойиҳа. Унинг қиймати тахминан 2 миллиард сомни (25 миллион доллар) ташкил қилади. Ярим қисми Қадамжой шаҳри аҳолиси томонидан молиялаштирилса, қолган қисми республика бюджетидан ажратилади. 4200 гектар ерни ўзлаштирамиз.

Саноатни, боғдорчилик ва чорвачиликни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга бўламиз. Шаҳар типидаги аҳоли пункти ҳам пайдо бўлади. Икки ойда халқ 31 миллион сом йиғди», — дейди лойиҳа раҳбари Асанбай Пазилов.

Қайд этилишича, қадамжойлик 12 нафар аёл биринчилардан бўлиб лойиҳани амалга ошириш учун катта маблағ — 190 минг сомдан 590 минг сомгача сармоя киритган.

Аввалроқ Қирғизистонни Ўзбекистон билан боғлайдиган учта яширин туннель аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қирғизистон чегарачилари Ўзбекистон билан чегарада одамлардан пул талаб қилгани айтилган.

Bugun — LIVE