Иқтисод - 12:35 · 17.06.2022

Россия банки «Ўзагроэкспортбанк»ни сотиб олиш бўйича битимни бекор қилади

Россия «Совкомбанк»и томонидан «Ўзагроэкспортбанк»ни сотиб олиш бўйича битим бекор қилинади. Бу ҳақда «Bankers.uz» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум бўлишича, битимнинг бекор қилиниши бўйича Санкт-Петербург иқтисодий форумида «Совкомбанк» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сергей Хотимский гапириб ўтган.

«Афсуски, Россиянинг деярли барча тизимли аҳамиятга эга банклари сингари бизга нисбатан санкциялар жорий қилингани сабабли, лойиҳани жорий шароитда амалга ошириш имконсиз бўлиб қолди, бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати хабардор қилинган. Бу ерда бир нарсани тушуниш муҳим — бизнинг ҳар қандай шўъба банкимиз автоматик тарзда санкциялар остида қолиши Ўзбекистон учун муаммо бўларди. Биз технология ва сармоя олиб келиш ўрнига, регулятор ҳал қилиши керак бўлган бир қатор муаммоларни олиб келган бўлардик», — деган Хотимский.

«Биз вазият ўзгаришига умид қилишда давом этамиз, санкциялар билан боғлиқ вазият бартараф этилгач, биз Ўзбекистон бозорига фаол кредитор сифатида катта мамнуният билан қайтамиз. Ҳозир, афсуски, биз кредит лойиҳаларимизнинг аксарият қисмини қисқартиришга мажбурмиз.

Ўзбекистон ҳукумати яқин орада уни хусусийлаштиришни режалаштирмоқда ва биз шартларга кўра бу жараёнда иштирок эта олмаймиз. Ҳозир томонларнинг ўзаро қарорига кўра, битимни бекор қилиш босқичида. Айтишимиз мумкинки, у деярли бекор қилинди», — дея қўшимча қилган Хотимский.

Маълумот ўрнида, «Совкомбанк» «Ўзагроэкспортбанк»нинг 100 фоиз давлат улушини 2022 йилнинг февраль ойи ўрталарида тузилган келишувга кўра, 4 миллион долларга сотиб олиши керак эди.

Аввалроқ рус тилидаги мобиль банк иловалари тез орада «Apple iOS» операцион тизимига эга қурилмаларда ишламай қолиши мумкинлиги ва улар орасида «Совкомбанк» ҳам борлиги хабар қилинганди.

Bugun — LIVE