Жамият, Тошкент ш. - 15:44 · 17.06.2022

Сергели ерусти метросида поездда қисқа туташув содир бўлди — видео

Тошкент шаҳри Сергели туманидаги ерусти метросида 16 июнь куни поездда қисқа туташув содир бўлди. «Тошкент метрополитени» давлат-унитар корхонаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Қайд этилишича, соат 20:05 да ерусти ҳалқа йўли йўналишининг 6-ва 7-бекатлари оралиғида жойлашган йўл четидаги тўсин тунукасининг бир қисми атрофдаги кучли шамол сабабли ўз ўрнидан кўчган. Бунинг оқибатида ҳаракатланиб келаётган ҳаракат таркибининг ток қабул қилиш мосламасига теккан ва қисқа туташув содир бўлган.

Шундан сўнг машинист ҳаракат таркибини тўхтатиб, ҳаракатланишга хавф соладиган ҳолатлар йўқлигини текшириб, ўз ҳаракатини давом эттирган. Масъул ходимлар ҳолат юзасидан жойига бориб ўрганиш ишларини олиб борган.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Тошкент метрополитени»да поезд тескари ҳаракатлангани хабар қилинганди. Шунингдек, метро бекатида поезд бир неча дақиқа тўхтаб қолгани маълум қилинган.

Bugun — LIVE