Жаҳон - 8:42 · 17.06.2022

Ерда катта ёшли аҳолининг қанча қисми саводсизлиги маълум қилинди

Дунё бўйлаб қарийб 770 миллион катта ёшлилар ўқиш ва ёзишни билмайди, уларнинг учдан икки қисми аёллардир. Бу ҳақда «МИР 24» хабар берди.

Фото: «Yabiladi»

UNESCO бош директори Одри Азуле катталар таълими бўйича 7-халқаро анжуманда бу бўйича маълумот берган. Мутахассис катталар таълимини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирган. БМТ ва UNESCO маълумотига кўра, аҳолининг саводхонлиги бўйича энг муаммоли ҳудуд Африка давлатлари ҳисобланади. Ушбу кўрсаткич бўйича антирекорд Сомалига тегишли бўлиб, у ерда 15 ва ундан катта ёшдагилар орасида аҳолининг атиги 5 фоизи ўқиш ва ёзишни билади. Иккинчи ўринни Чад (22 фоиз), учинчи ўринни Мали (31 фоиз) эгаллаган.

2019 йилда дунё аҳолисининг 86 фоиздан ортиғи саводли бўлган. 1979 йилда фақат 68 фоиз аҳоли ўқиш ва ёзишни билган. Бироқ, UNESCO маълумотида коронавирус пандемияси кўплаб мамлакатларда таълимга тўсқинлик қилгани келтирилган. Ташкилот мактабларнинг ёпилиши туфайли ярим миллиарддан ортиқ одам ўқиш ва ёзишни ўрганишда давом эттира олмагани ёки умуман ўрганишни бошламаганини таъкидлаган.

Аввалроқ БМТ Афғонистондаги болалар ўлими бўйича статистикани очиқлаганди. Шунингдек, БМТ Шимолий Корея бўйича ҳисобот берганди.

Bugun — LIVE