Жаҳон - 23:33 · 18.06.2022

Apple эски iPhone модделарининг ишлашини секинлаштирганликда айбланди

Apple эски iPhone модделарининг ишлашини секинлаштирганликда айблангани ортидан судга тортилиши мумкин. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Фото: «AP Mews»

Технологик гигант янги моделларга бўлган талабни рағбатлантириш учун эски iPhone смартфонларининг ишлашини сусайтирганликда айбланмоқда. Истеъмолчи ҳимоячиси Жастин Гутманн компаниядан худди шундай муаммога дуч келган барча Буюк Британиядаги iPhone фойдаланувчиларига 768 миллион фунт стерлинг тўлашни талаб қилмоқда.

Ҳимоячининг сўзларига кўра, улар 25 миллион кишини ташкил қилади. Истеъмолчилар янги дастурий таъминот смартфонлар ишини 58 фоизга секинлаштирганини айтган. Шу билан бирга, компания томонидан янгиланиш iPhone моделлари учун мос келмаслиги мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бўлмаган.

«Ҳалол бўлиш ва ўз мижозларга янги модель ёки компенсация учун смартфонни алмаштириб беришни таклиф қилиш ўрнига, Apple мижозларни йўлдан оздирди ва янгиланиш ҳақида ҳеч нарса демади», — деган Гутманн.

Apple баёнотида айтилишича, компания ҳеч қачон смартфонинг ишлаш муддатини қисқартириш ёки мижозлар тажрибасини ёмонлаштирадиган ҳеч нарса қилмаган ёки қилмоқчи эмас. Компания вакили ҳам ҳеч қачон янги iPhone моделларига бўлган талабни рағбатлантириш учун бундай чоралар кўрилмаганини айтган.

Bugun — LIVE