Жамият - 12:27 · 18.06.2022

Болалар омбудсмани фарзандини калтаклаган аёл ишига муносабат билдирди

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Самарқандда фарзандини калтаклаган аёл иши юзасидан муносабат билдирди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Воқеага муносабат билдирган Алия Юнусова бу барчага маълум бўлган ҳолатлардан бири холос эканлигини ва тўрт девор орасида яширинча содир бўлаётган ҳолатлар ҳам бор эканини таъкидлаган.

«Мазкур Самарқанд вилоятидаги шифохонада содир бўлган ҳолатни олсак, палатада она боладан ташқари камида икки нафар шахс бор эди. Уларнинг шовқинини касалхона ходимлари ва шифокорлар эшитишмадими? Нега дарҳол болани она қўлидан тортиб олиб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига мурожаат қилинмади?», — дея савол берган Болалар омбудсмани.

Таъкидланишича, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвeнциясининг 19-моддасида иштирокчи-давлатлар болани жисмоний ва руҳий зўравонликнинг, ҳақоратлаш ва суиистеъмолликлар, ғамхўрлик кўрсатмаслик ёки бепарволик билан муомалада бўлиш, қўпол муомала қилиш ёки ота-она, қонуний васийлар ёки бола ҳақида ғамхўрлик қилувчи ҳар қандай бошқа шахс томонидан эксплуатация қилиш, жумладан, шаҳвоний суиистеъмолликлар содир этишнинг ҳар қандай шаклларидан ҳимоялаш мақсадида жамики зарур қонуний, маъмурий, ижтимоий ва маърифий чора-тадбирларни кўриши кераклиги белгиланган.

Алия Юнусова Ўзбекистоннинг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 10-11 моддаларига мувофиқ, давлат болани зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан ҳимоя қилинишини амалга оширишини эслатган.

Айтилишича, амалдаги қонунчиликдаги нормаларга қарамай болалар барибир азият чекишда давом этяпти.

«‘Ота-оналар’нинг зўравонликка йўл қўйиши, фарзандига нисбатан қўпол ва шафқатсиз муомала қилишлари — кечириб бўлмас хато. Ҳар бир киши қонунлар билан белгиланган масъулиятини ва мажбуриятини зиммасига олишга ва уни бажаришга мажбур.

Акс холда давлат болаларни зўравонлик ва куч билан ‘тарбиялайдиган’ ота-оналардан фарзандини олиб қўйиш механизмини ишлаб чиқишга мажбур бўлади. Болалар озор чекмаслиги учун Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ушбу таклифни илгари суради ва буни тўғри деб ҳисоблайди.

Одамлар охир оқибат жамиятимз ҳам болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслигини ва бу асло қабул қилинмаслигини эълон қилиши керак. Боланинг бегонаси бўлмайди. Шундай ҳолатга дуч келдингизми дарҳол чора кўринг. Жамоатчилик назоратининг кучи фақат ижтимоий тармоқларга тарқатиладиган видеолардан кейингина ишлаши керак эмас. Болалар учун ҳар биримиз масъулмиз!», — деган Алия Юнусова.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида аёл болани шафқатсизларча калтаклагани акс этган видео тарқалганди.

Кейинчалик эса вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берган.

Унга кўра, ҳолат 14 июнь куни Пайариқ туманида содир бўлган. Тумандаги Бошқўрғон МФЙда яшаб келаётган, 1988 йилда таваллуд топган, руҳий соғлом, турмуш ўртоғи билан яшаб келаётган аёл 2020 йилда туғилган фарзандини даволатиш учун шифохонага олиб борганда у ерда стресс ва асабий ҳолатда фарзандига нисбатан ушбу ҳаракатларни содир этгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Bugun — LIVE