Жамият - 21:00 · 18.06.2022

Бугун оқшоми. Яна авж олаётган коронавирус, «Ангрен шакар»дан нарх бўйича махсус репортаж, крипто пирамидада айбланган Маск

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Эртага финал! Ўзбекистон–Саудия Арабистони ўйинини қатарлик ҳакамлар бошқаради.

Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган (ва деярли якунига етган) 23 ёшгача бўлган Осиё кубоги финали Ўзбекистон–Саудия Арабистони ўйинини қатарлик ҳакамлар бошқаради.

Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси ахборот хизмати

Учрашувда бош ҳакам — Салман Аҳмад Фалаҳи бўлади. Унга қанотларда Юсуф Ареф Ал-Шамари ҳамда Заҳий Снаид Алшаммари ёрдам беради. Учрашувда VAR ҳаками вазифаси Омар Муҳаммад Аҳмад Ҳассанга (БАА) топширилган.

Маълумот учун, финал учрашуви 19 июнь куни соат 18:00 да «Бунёдкор» стадионида старт олади. Агар имконингиз бўлса, билет сотиб ололсангиз, (бунинг деярли иложи йўқ, онлайн платформаларда чипталар сотилиб кетди, иқтисодчилар эса билет қимматроқ бўлиши кераклигини ёзди), стадионга келиб ўзбекистонлик футболчиларни қўллаб-қувватланг. 4 йил олдин Хитойда бўлган воқеа — ҳал қилувчи баҳсдаги ғалабани Ўзбекистонда такрорлашимиз мумкин.

Бош мураббий Темур Кападзе ва Жасур Жалолиддинов. Эртага шу кубокни улар боши узра кўтариши мумкин.
Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси ахборот хизмати

Футбол ўз йўлига, коронавирус «қайтмоқда»: Ўзбекистонда коронавирусдан кунлик касалланишлар сони ошиб боряпти.

Фото: «Bugun.uz»

Мамлакатда ушбу инфекциядан касалланишлар сони кетма-кет 4 кун ортди. 17 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 239 минг 525 нафарга етган. Сутка давомида 90 кишида ковид аниқланган. Биргина Тошкент шаҳрида 74 нафар одамда коронавирус қайд этилган.

Эҳтиёт бўлиш шарти яна актуал бўлиб бормоқда. Айниқса, эртага бўладиган финал учрашувида 35 мингдан зиёд томошабин бир жойга тўпланади, шунда янаям эҳтиёткорроқ бўлиш зарур.

Тўй куни турмуш ўртоғини урган куёв келиннинг эътирози бўлмагани сабабли жавобгарликдан қутилиб қолди.

Сурхондарё вилояти Узун туманида 6 июнь куни тўй пайтида ўтказилган сюрприз ўйинидан сўнг куёв келинни урганди, эсингизда бўлса керак (видео шу даражада кўп айландики, эсламай иложи йўқ). Воқеа қаҳрамони ушбу ҳолатга нима сабаб бўлганини тушунтирди.

Куёвнинг сўзларига кўра, у ўзини тутиб туролмай, қўли кетиб қолган. Воқеа юз берганидан кейин маҳалладаги вакиллари, келин-куёвнинг яқинлари иштирокида ҳолат муҳокама этилиб, куёвнинг қилмиши нотўғри бўлгани танқид қилинган. Йигит бундан пушаймон эканини айтиб, келиндан кечирим сўраган.

«Ўзимни тутиб тура олмадим, қўлим кетиб қолди. Тушунмовчилик ҳал бўлгандан кейин тўй давом этди. Келиндан узр сўрадим, бу бошқа қайтарилмайди», — дейди Х.Р.

Бундан ташқари, тўй куни келиннинг онаси уни саҳнадан олиб тушиб, уйига олиб кетди мазмунидаги гаплар ҳам тасдиғини топмаган.

«Куёв ва қариндошлари узр сўради, тўй давом этди. Эртанги куни яхши эди, телефонда гаплашиб турибмиз. Яхши яшашяпти», — дейди келиннинг онаси.

Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Узун тумани суди томонидан ўрганиб чиқилди. Келиннинг даъво эътирози бўлмагани сабабли куёвга маъмурий жарима қўлланилмайдиган бўлди.

Ўзбекистонда шакар нархи нега қимматлади? «Bugun.uz» «Ангрен шакар» заводида ўрганиш ўтказди.

Ўзбекистонда «тониров»ка тўловини бекор қилиш бўйича флешмоб бошланди. «Bugun.uz» доимий муҳокама марказида бўлиб келадиган мавзу бўйича видео тайёрлади.

Хўш, оламда нима гап?

Европа Иттифоқига яқин аноним манба Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш шартини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Deutsche Welle»

Манбага кўра, агар Москва Украинадан барча ҳарбийларини олиб чиқса, унинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилса, унга қарши ўрнатилган чекловлар олиб ташланади. Шунингдек, қуйидаги шартлар ҳам амалга оширилиши керак.

«Агар Донбассда янги воқеликни яратишга уринишлар бутунлай тўхтатилса, санкциялар олиб ташланади», — дейди ЕИдаги аноним манба.

Шунингдек, у Москва «Украина, Европа Иттифоқи ва бутун Европа хавфсизлигига қарши барча ҳаракатларни» тўхтатиши кераклигини қўшимча қилган.

«Tesla» ва «SpaceX» асосчиси Илон Маск «Dogecoin» криптовалютасини тарғиб қилишда айбланиб, судга тортилди.

Фото: «Getty Images»

Даъвогар америкалик инвестор Кит Жонсоннинг сўзларига кўра, бу крипто пирамида ҳисобланади, танганинг ўзи эса ҳеч қандай қийматга эга эмас. Эркак миллиардердан 258 миллиард доллар товон пули талаб қилмоқда.

Жонсон алтькоин (биткоиндан кейин пайдо бўлган ҳар қандай криптовалюта) савдоси қимор ўйинларидан бошқа нарса эмаслиги, айбланувчи эса буни қонуний сармоя сифатида илгари сурганини айтган. Унинг фикрича, «SpaceX» ва «Tesla» «Dogecoin» қийматини сунъий равишда ошириш учун товламачилик билан шуғулланган.

Даъвогар ушбу криптовалюта билан савдо қилиш, АҚШ ва Нью-Йорк қонунларига мувофиқ, қимор ўйинларига тенглаштирилганини таъкидлаган. Шу муносабат билан Жонсон суд Маск «SpaceX» ва «Tesla» компанияларига ушбу криптовалютани тарғиб қилишни тақиқлаши кераклигини қўшимча қилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE