Жаҳон, Сиёсат - 13:39 · 18.06.2022

Глобал Боку форумида Яқин Шарқ ва мусулмон дунёсидаги муаммолар муҳоқама қилинди

Озарбайжонда IX глобал Боку форуми бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берилганди. Форум доирасида «Яқин Шарқ ҳамда бутун араб ва мусулмон дунёсида тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни излаш» мавзусидаги панел сессияси ҳам бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, форумда сўзга чиққан Араб давлатлари лигаси (АДЛ) бош котиби Аҳмад Абу ал-Ғайт Яқин Шарқ мамлакатларида кечаётган жараёнларга тўхталиб, минтақавий муаммолар ҳақида гапирган. Шунингдек, у Ямандаги жараёнлар ҳақида гапирар экан, ўтган икки ойдан бери амалда бўлган тинчлик ҳаракатлари ва ўт очишни тўхтатиш келишувини олқишлаган.

Бундан ташқари, Исроилнинг собиқ бош вазири Эҳуд Барак Эрон билан боғлиқ мавзуга тўхталди. Унинг айтишича, Эрон таҳдиднинг асосий манбаи бўлиб қолмоқда. Барак шунингдек, Исроил ва Фаластин ўртасида мулоқот ўтказишга чақирди.

Шу билан бирга, Туркиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Ясар Якис Фаластин муаммоси ҳал этилмагани ва ҳозир ҳам мавжуд эканлигини таъкидлади, мавжуд муаммолар минтақадаги мувозанатни бузганини қайд этди.

Мисрнинг собиқ ташқи ишлар вазири Амр Мусанинг фикрича, Ироқнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш бутун Яқин Шарқ келажаги учун жуда муҳим. У Ироқнинг ҳудудий яхлитлиги Туркия учун ҳам катта аҳамиятга эга экани, Яқин Шарқдаги ҳеч бир давлат ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклиги ҳақида гапирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу форумда Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко ҳам сўзга чиқиб, глобал муаммо инфляция эмас, очарчилик, уруш ва Путинлиги ҳақида гапирганди.

Bugun — LIVE