Жамият, Иқтисод - 18:18 · 18.06.2022

«Олиб сотарлар — ватан қаҳрамонлари». Иқтисодчилар финал ўйини чиптаси қимматроқ бўлиши кераклигини ёзмоқда

Тошкент шаҳридаги «Бунёдкор» стадионида 19 июнь куни Осиё кубоги U-23 мусобақасининг финал ўйини бўлиб ўтади. Ҳал қилувчи баҳсда Ўзбекистон–Саудия Арабистони футболчилари майдонга тушади.

Фото: «Bugun.uz»

Ушбу учрашув чипталари сотуви билан ажиотаж юзага келди. Билетлар «Бунёдкор» стадиони кассаларида сотувга чиқарилганидан бери у ерда минглаб одамлар тўпланиб турибди. Чипталар эса кам. Кассада фақатгина дарвоза орти секторларига билетлар сотилган, 18 июнь куни эса бир кишига фақатгина икки дона сотилган. Аммо шунга қарамай, стадион атрофида чайқовчилар ўша билетларни 5-6 баравар қимматга сотмоқда.

17 июннинг иккинчи ярмидан бошлаб чипталар «iTicket.uz» платформаси орқали сотувга чиқарилиши айтилганди, аммо сайтдаги техник носозлик сабабли бундай бўлмади. Платформа чипталарни 17 июндан 18 июнга ўтар кечаси ярим тунда сотувга чиқарди. Соат 03:00 атрофида чипта харид қилишга зўрға улгурган «Bugun.uz» ходимларининг сўзларига кўра, чипталар жуда тез тугаб қолган. Ҳамма ухлаётган пайтда сотув бошланди ва улар уйқудан турган пайтда эса платформадаги «тез орада» ёзуви «сотилди» ёзувига алмашган.

Скриншот: «iTicket.uz»

«Ҳабикатура» эса айнан шу ҳолатга атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Habikatura»

Ушбу ажиотаждан сўнг иқтисодчилар чипталарнинг нархлари қимматроқ бўлиши кераклиги, бу ерда талаб ва таклиф қонуни бузилганини ёзмоқда.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ўз Twitter саҳифасида «Билет қимматлашишига имкон беринглар. Олиб сотарлар — ватан қаҳрамонлари» деб ёзиб қолдирди (айтганча, линкка «қуролланмаган ҳолда» — VPNсиз киролмайсиз). Твит остида эса фикрларини асослаб берган.

Скриншот: Twitter

Таниқли футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидовнинг кинояли твитига жавоб тариқасида ушбу гапларни ёзган Беҳзод Ҳошимовга шарловчи ҳам ҳамфикр бўлган. Шарҳловчининг сўзларига кўра, стадион касаллари атрофида узундан узун навбатни ҳосил қилганларнинг кўпи олиб сотарлар, уларни бошқа концертларда ҳам кўришганини ёзишган.

Иқтисодчи эса бунга жавобан «билет олиб сотарлар жуда муҳим ижтимоий функцияни бажариши»ни ёзган. Ҳошимов талабни қондириш учун иккаламчи бозор платформаси (яъни чайқовчилар) кераклигини қўшимча қилган.

Беҳзод Ҳошимов
Фото: «Kommers.uz»

Яна бир иқтисодчи Баҳодир Абдуллаев олиб сотарларнинг «муҳим ижтимоий функцияси» ҳақида қуйидагича изоҳ берди. «Улар чиптани энг кўп тўлашга тайёр бўлганларга етказиб беряпти, яъни адолатни таъминлаяпти. Кимдир 150 минг, ҳатто 300 минг сўм тўлашга тайёр бўлган чипталар 25-50 мингдан сотилмаслиги керак», — дейди Абдуллаев.

Иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров Telegram каналида Беҳзод Ҳошимовнинг твитига қўшимча тарзда ўз фикрларини билдирган. У ҳам чипталар қиммат бўлиши кераклигини ёзмоқда. Унинг ёзишича, таклиф ҳаддан зиёд чегараланган, талаб эса аксинча — ҳаддан зиёд юқори. Бундай ҳолатда ташкилотчилар сотувдан максимал фойда кўриши керак.

Отабек Бакиров
Фото: «Chaqchaq»

«Билет қиммат бўлиши керак. Чунки таклиф ҳаддан зиёд чегараланган, талаб эса ҳаддан зиёд юқори. Имконияти чекланган ва меҳмонлар учун мингта билет захираланган тақдирда ҳам, ташкилотчилар қолган 29 минг билетни сотишдан максимал фойда кўриши зарур.

Бу йўлда уларнинг энг катта душмани олиб сотарлар, энг яқин иттифоқчиси эса нарх. Шу билан бирга, олиб сотарларга қарши маъмурий йўл билан курашиш керак эмас. Чунки улар айни вақтда нарх бўйича сигналчи ҳам, талабни янада оширувчи промоутер бўлиб ҳам хизмат қилишади», — деб ёзади иқтисодчи.

Бакировнинг таклифига кўра, билетлар талаб юқорилигига мувофиқ қиммат нархларда ва имкон қадар инсон омилини четга чиқарган ҳолдаги онлайн тарзда сотилиши керак. Бунда Best practice моделларида лот ва нарх порцияларга бўлиб сотишдан аукционларгача бўлган вариантлар мавжуд. Лекин уларни юқоридаги стержень ушлаб туради.

Иқтисодчи постнинг остига «илтимос сўкманглар, бу футбол мухлиси ўлароқ эмас, иқтисодий ҳодиса кузатувчиси сифатидаги фикрлар», деб қўшиб қўйган.

Bugun — LIVE