Жамият, Сурхондарё - 14:45 · 18.06.2022

«Ўзимни тутиб туролмадим». Сурхондарёда тўйда келинни урган куёв воқеага тушунтириш берди — видео

Сурхондарё вилояти Узун туманида 6 июнь куни тўй пайтида ўтказилган сюрприз ўйинидан сўнг куёв келинни ургани ҳақида хабар берилганди. Воқеа қаҳрамони ушбу ҳолатга нима сабаб бўлганини тушунтирди.

Кадр: Telegram / @my5tv

Маълум бўлишича, воқеа юз берганидан кейин маҳалладаги вакиллари, келин-куёвнинг яқинлари иштирокида ҳолат муҳокама этилиб, куёвнинг қилмиши нотўғри бўлгани танқид қилинган. Йигит бундан пушаймон эканини айтиб, келиндан кечирим сўраган.

«Ўзимни тутиб тура олмадим, қўлим кетиб қолди. Тушунмовчилик ҳал бўлгандан кейин тўй давом этди. Келиндан узр сўрадим, бу бошқа қайтарилмайди», — дейди Х.Р.

Бундан ташқари, тўй куни келиннинг онаси уни саҳнадан олиб тушиб, уйига олиб кетди мазмунидаги гаплар ҳам тасдиғини топмаган.

«Куёв ва қариндошлари узр сўради, тўй давом этди. Эртанги куни яхши эди, телефонда гаплашиб турибмиз. Яхши яшашяпти», — дейди келиннинг онаси.

Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Узун тумани суди томонидан ўрганиб чиқилди. Келиннинг даъво эътирози бўлмагани сабабли куёвга маъмурий жарима қўлланилмайдиган бўлди.

Аввалроқ Бош прокуратура Сурхондарёда тўйида келинни урган куёв иши бўйича маълумот бериб, унга нисбатан маъмурий иш қўзгатилганини маълум қилганди. Бундан ташқари, куёв ва келин ҳамда уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилган.

Bugun — LIVE