Жамият - 11:35 · 18.06.2022

Қашқадарёда машина ойнасидан оёқларини чиқариб ҳаракатланган маст аёл жаримага тортилди — видео

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида «Nexia» автомобили салонидан оёқларини чиқариб ҳаракатланган маст аёл жаримага тортилди. Бу ҳақда «Nasaf TV» хабар берди.

Скрин: YouTube / Nasaf TV

Маълум бўлишича, рейд тадбирлари давомида йўл-патруль хизмати ходимлари йўловчиларидан бири оёғини машина салонидан чиқариб келаётган «Nexia» автомобилини тўхтатган. Ходимлар ҳайдовчи билан мулоқот қилаётган вақтда таксида йўловчи сифатида келаётган, оёғини салондан ташқарига чиқарган аёл вазиятга аралашган. Кейинчалик Ички ишлар органи ходимлари аёлни тиббий текширувдан ўтишга таклиф қилган. Аёл эса қаршилик кўрсатган. Шундан сўнг аёл тиббий текшириш учун олиб кетилган ва унинг маст холатда экани аниқланган.

Таъкидланишича, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузгани учун аёлга нисбатан маъмурий иш очилган. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан мазкур иш кўриб чиқилиб, аёл қилмишидан пушаймонлигини ва вояга етмаган фарзандлари борлигини айтиб қонуний енгиллик сўраган.

Қайд этилишича, аёл Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор топилган ва унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима белгиланган.

Bugun — LIVE