Жаҳон - 11:03 · 19.06.2022

«Биз Ер юзида дўзах хавфи остидамиз» — БМТ

Украинада давом этаётган уруш ва дон экспортининг блокадаси туфайли ер юзидаги дўзах дунёга таҳдид солмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури директори Дэвид Бизлига таяниб, «The Guardian» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Бизлининг сўзларига кўра, Украина инқирозидан олдин ҳам коронавирус ва ёқилғи нархининг кўтарилиши туфайли мисли кўрилмаган глобал озиқ-овқат инқирози юзага келган.

«Ўшанда биз бундан баттар бўлмайди деб ўйлагандик, аммо бу уруш ҳалокатли. Бу жуда қўрқинчли давр. Бизга ер юзидаги дўзах таҳдид солмоқда. Бунга зудлик билан жавоб қайтаришим керак. Ҳозир қила оладиган энг яхши нарса бу Россия ва Украина ўртасидаги бу лаънати урушни тугатиш ва портларни очишдир», — деган у.

Унинг фикрича, инқирозга барҳам берилмаса, бу очарчилик, беқарорлик ва оммавий миграцияга олиб келади. Бизли 2007-2009 йиллардаги иқтисодий инқироздан сўнг дунёнинг 48 давлатида тартибсизликлар бошланганини эслатиб ўтган, чунки хом ашё баҳоси ва инфляция кўтарилган. Шу билан бирга, БМТ бугунги иқтисодий омиллар «15 йил аввал кузатгандан анча ёмонроқ» эканини таъкидлаган.

«Биз аллақачон Шри-Ланкадаги тартибсизликларни, Тунис, Покистон ва Перуда норозилик намойишларини кўрмоқдамиз, шунингдек, Буркина-Фасо, Мали, Чад каби жойларда беқарорликни бошдан кечирдик. Бу шунчаки келажакдаги воқеаларнинг белгисидир», — деган Бизли.

Маълумот ўрнида, БМТ фавқулодда озиқ-овқат ёрдам дастурлари учун буғдойнинг 40 фоизини Украинадан олади.

Аввалроқ Путин дунёдаги озиқ-овқат нархи, иқтисодий инқироз ва дон ҳақида гапирганди. Зеленский эса Путиннинг донни Беларусь орқали олиб чиқиш таклифига жавоб қайтарган.

Bugun — LIVE