Жамият, Фарғона - 22:03 · 19.06.2022

Фарғонадаги чойхонада эркак ўткир тиғли жисм билан ИИБ ходимини жароҳатлади

Фарғона вилояти Фарғона шаҳрилаги чойхонада 11 июнь куни эркак ўткир тиғли жисм билан ИИБ ходимини жароҳатлади. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда «Фарғонада ИИВ ходими ва фуқарони пичоқлаган шахс очиқда қолмоқда» сарлавҳали видеохабар тарқалган. Фарғона вилояти ИИБ ушбу хабарни ўрганиб чиққан.

Аниқланишича, шу куни фуқаро А.Х Фарғона шаҳа А.Қодирий кўчасидаги чойхонада унинг эгаси фуқаро И.К билан ўзаро жанжаллашиб кетган.  Шу ҳудудга хизмат кўрсатувчи профилактика катта инспектори Ғ.М уларни ажратмоқчи бўлган пайт А.Х қўлидаги ўткир тиғли жисм билан ўнг қўл билак соҳасига уриб, тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан 18 июнь куни Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан А.Х га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

«Тергов якунига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти Денов туманида эркак хизмат вазифасини бажараётган йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бўлими ходимини турли хил уятли сўзлар билан ҳақорат қилганди. Бош прокуратура матбуот хизмати унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди. Шунингдек, Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида Ички ишлар бошқармаси ходимини ҳақорат қилган аёлга жиноят иши қўзғатилганди. 

Bugun — LIVE