Жаҳон - 14:11 · 19.06.2022

Лукашенко Украинадаги урушдан кейин нималар юз беришини айтди

Беларусь президенти Александр Лукашенко Украинадаги уруш дунёда қайта тақсимлашнинг бошланиши эканини айтди. Бу ҳақда «БЕЛТА» хабар берди.

Фото: «БЕЛТА»

Унинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш фонида воқеалар шундай ривожланмоқдаки, биринчи навбатда, Беларусь, Чехия, Австрия каби кичик ва ўрта давлатлар «парчаланади», чунки уларни «синдиришади». Лукашенко айнан ким бу мамлакатларни парчалашини изоҳламаган.

«Таъкидлайман, у ерда уруш қандай тугашини, вазият қандай ривожланишини ҳеч ким билмайди. Украинада содир бўлаётган воқеалар бу бошланиши. Бунинг элементларидан бири тақимланиш ҳисобланади. Парчаланиш кузатилади.

Биласизми, дастлаб кичик ва ўрта давлатлар парчаланиб кетади. Жумладан, бу вазият биз каби Чехия, Австрия, Швейцария бошига ҳам тушуши мумкин. Улар ҳеч қаерга ғойиб бўлмайди, уларни ҳам парчалашади. Дунё бошқача бўлади», — деган у.

Лукашенко, шунингдек, Беларуснинг «поляклар томонидан ўраб олинишига йўл қўймаслигини» айтган ва Польша Украинанинг ғарбий ҳудудларини босиб олишни режалаштираётганини таъкидлаган. Унинг фикрича, украиналиклар барибир ундан ва Путиндан бу масалани ҳал қилишда ёрдам сўрайди.

«Бу хавфли вариант! Мен қачонлардир айтгандим: ҳали украиналиклар биз ва руслардан уларнинг яхлитлигини сақлашда ёрдам беришимизни сўрайди», — деган Беларусь президенти.

Аввалроқ Путин Лукашенкодан Украинадаги урушда қатнашишини сўрагани ҳақидаги хабарга ойдинлик киритилганди. Шунингдек, Беларусь президенти Украина билан чегарадаги вазият жиддийлигини айтганди.

Bugun — LIVE