Ўзбекистонликлар шундай демоқда: «‘Тонировкаʼ жиноят эмас ва у текин бўлиши керак»
Тармоқларда #тонировка_жиноят_эмас ҳештеги билан флешмоб бошланди. Bugun.uz мавзуга оид постларни бир мақолага жамлади
Ҳар баҳорда шу бўлар такрор, деганларидек, кунлар исишни ёки аномал иссиқлик кириб келишни бошлаши билан Ўзбекистонда «тонировка» масаласи актуал мавзулар қаторига кўтарилади. Яна ўша кунлар келди — жамоатчилик яна ойналарни қорайтиришни, тўғрироғи, у учун белгиланган нархни муҳокама қилди. Бу сафар мавзуни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, ҳайдовчилар учун Ягона имтиҳон маркази асосчиси Комил Алламжонов очиб берди.

Фото: Telegram / @allamjonov_ki
Алламжонов «‘Тонировкаʼ текин бўлиши керак!», деб пост қолдирди. Унинг ёзишича, бу ҳам инсон қадрининг бир кўриниши, агар ойналарни қорайтириш бепул қилинса, бундан ҳамма ҳайдовчилар, йўловчилар миннатдор бўлади. Қуйида унинг Telegram каналига қўйилган постни аслича, асл имлоси билан қолдирамиз.
«Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда ёз жуда иссиқ, гоҳида ҳаддан зиёд ёқимсиз иссиқ бўляпти. Булутли иссиқ кунларда эса бош оғриғига чидаб бўлмайди. Қурғоқчилик кучайиб, бундан бўёғига янада иссиқ бўлса керак. Шу пайтда агар машина тонировкаси бепул қилинса бундан ҳамма ҳайдовчилар, йўловчилар миннатдор бўлар эди.
Бу ҳам аслида инсон қадрининг бир кўриниши, одамларга бўлган ғамхўрлик намунасига айланар эди деееебббббб ўйлаааааббб ўтирувдим тирбанд йўлда, орқамдан бир машина сигнал чалиб чўчитиб юборди.
P.S. тонировка текин бўлиши керак!!!», деб ёзади Ягона имтиҳон маркази асосчиси.
Ўзининг ўткир ва қизиқарли карикатуралари билан танилган «Habikatura» Алламжоновнинг ушбу таклифига атаб карикатура чизди.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқлар фаоллари турли платформаларда #тонировка_жиноят_эмас ҳештеги билан флешмоб бошлади. Унга қатор катта аудиторияга эга блогерлар, ҳатто депутатлар қўшилди, алоҳида Telegram канал ҳам очилди. «Bugun.uz» уларнинг энг сараларини битта материалга жойлади.
Депутатларнинг халқ билан бўлиши яхши, албатта. Аммо имконияти, ваколати оддий халқникидан каттароқ бўлган депутатларнинг бунга ўхшаш челленжларда фақатгина ижтимоий тармоқларда «қарши чиқиш» билан чекланиши бироз ғалати кўринади (энг камида ушбу дайжест муаллифига). Шу сабабли ҳам биринчи Расул Кушербаевнинг флешмобга қўшилишидан бошлаймиз.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев бироз кинояли пост қолдирди. «Дарҳақиқат, тонировка жиноят эмас, халқ ҳисобидан, бюджетдан тонировка қилдириш жиноят. Гап эгасини топади», деб ёзади депутат ўз Facebook саҳифасида.
Пост остидаги қолдирилган изоҳларда депутатни деярли барча (изоҳ ёзганлар, албатта) қўллаб-қувватлаган. Аммо бир фойдаланувчи эса қуйидагича (кинояли) коммент қолдирган: «‘Тонировкаʼ жиноят эмас, лекин ҳуқуқбузарлик». Изоҳ остидаги изоҳлар эса унданда қизиқ: муаллиф бошқа фойдаланувчиларнинг «нега?», деган саволига «Буни Олий Мажлис депутатларидан сўраш керак», дея жавоб берган. Бизга юқорида парадоксдек кўринган ҳолат бошқаларни ҳам таажжублантирган кўринади.

Фото: «Bugun.uz»
Аммо депутатнинг Telegram каналида бошқачароқ (ёмонроқ) манзара шаклланган: у ўзи улашган видеода кўрсатилганидек орқа ойнасига ҳештег ёзилган машиналарнинг эгаларини Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ чақиртираётганини ёзган. «Цензуранинг ҳиди чиқиб қолди. Буни нима кераги бор энди?! Фаоллар ўз позициясини ўзгача услубда намоён қилишмоқчи. Буни бўғиш янги Ўзбекистонга хос ишми энди?!», — деб ёзади Расул Кушербаев.
«Troll.uz» Telegram канали муаллифи Умид Гафуров эса 90 мингдан зиёд кузатувчи тўпланган каналида шундай ҳештег тарқалаётганини айтиб, бунга жавобан #Бизга_Гитара ҳештеги чиқишини тахмин қилган.
Тармоқларда икки хил (аммо бир хил мақсадли) видео тарқалди. Биринчисида #тонировка_жиноят_эмас ҳештеги учта тилда орқа ойнасига ёзилган машиналар фонида тасвирга олинган Ўзбекистон байроғи. «Байроғимизнинг чиройини кўринг!», деб ёзади челленж қатнашчилари (Расул Кушербаев ҳам ушбу видеони улашган — юқорида кўриниб турибди).
Бундан ташқари, бир қатор ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари «Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларни сотмаслик»ни сўраб, видеомурожаатлар жойлашган.
«Бош қомусимиз кафолатлаган ҳуқуқ ва манфаатларни менга сотманг. Мен табақаланишга қаршиман. ‘Тонировкаʼ жиноят эмас», дейилади мурожаатларда.
«Зулм», «мантиқсиз даражада ўта қиммат нарх», лойиҳалигича қолиб кетган қарор
Facebook ва жамоатчилик фаоли Шавкат Ҳасан 13 июнь куни ўз саҳифасидаги жонли эфирда уни «ГАИ» ходими тўхтатиб, «тонировка»га рухсатномасининг муддати ўтиб кетгани (бир ҳафтага — рухсатнома 6 июнь кунгача амал қилган) учун машинасини жарима майдончасига қўйганини айтган.
У муддати ўтган рухсатнома учун рухсатномасиз ойналарни қорайтиришга қўлланадиган жарима билан бир хил миқдорда жарима тўлаши кераклиги, бу мантиқсиз ва зулм эканини айтади.
«Бу ҳолатда автомашинани ноқонуний равишда қорайтирганлар билан бир хил миқдорда, яъни 7 ёки 8 миллион сўм жаримага тортилганимдан уялдим. Бу ерда мантиқ қаерда? Орқа ойнани қорайтириш 1 миллион сўм туради.
Рухсатнома муддати тугаши учун 8 миллион сўм тўлашим керак бўлади. 15 кун ичида тўласам, 5 миллион сўм тўлайман. Мен ўзимдан бечора ясашни асло хоҳламайман, лекин буни очиқ-ойдин зулм деб ҳисоблайман… Ғалати…», дейди у.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев 15 июнь куни 2021 йил 21 ноябрдаги постни қайта улашган. Унда ҳам юқоридаги ҳолат бошқа кейс билан танқид қилинган. Ёзилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда йўл ҳаракатига оид фақат 2 тагина қилмиш учун энг юқори 40 «минимал» жарима белгиланган. Бундан катта жарима йўқ. Булар:
- транспортни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс маст ҳолда машина ҳайдаса;
- тонировкани такроран рухсатсиз ўрнатса.
Хушнудбек Худойбердиев ҳайдовчиларнинг «тонировка»ни рухсатсиз ўрнатишига унинг нархи «мантиқсиз даражада ўта қиммат» эканини сабаб қилиб кўрсатган.
«Оддий соя учун бунчалар баланд нарх белгилагандан кейин аксарият ҳайдовчилар рухсатсиз ўрнатишга ҳаракат қилиши табиий. Майли, кимдир зарурият учун, кимдир мақтаниш учун қилар, аммо факт шуки, мантиқсиз қонунларнинг ўзи фуқароларни қоида бузишга провокация қилади. Масалан, солиқлар қанчалик баланд бўлса, ҳамма солиқдан қочиб, яширин бозорга ўтиб кетганидек», — деб ёзади ҳуқуқшунос.
Энди постнинг асосий (йиллар давомида ўз актуаллигини йўқотмаган) қисми: Нима учун ҳалигача тонировка ўрнатиш нархи ва жаримаси камайтирилмаяпти?

Фото: «Газета.uz»
Хушнудбек Худойбердиев унга қуйидагича жавоб берган: «чунки бундан Ички ишлар вазирлиги манфаатдор, улар ҳар йили бир неча юз миллиард сўм бундан даромад олади. Шу сабабли ҳалигача нарх ва жаримани тушириш варианти кўриб чиқилмаяпти. Аввал ҳам бу ҳақида ёзган эдим. Ушбу пулларнинг бир тийини ҳам республика бюджетига ўтказилмайди, бунинг барчаси ИИВнинг махсус жамғармасига бориб тушади.
2019 йил августдан 2020 йил якунига қадар ИИВга тонировка ўрнатишдан жами 302 млрд 635 млн сўм (салкам 29 млн доллар) пул тушган. 2021 йилда бу рақам янада катталашгани аниқ. Хўш, йўқ жойдан шунча пул тушиб турса, ким ҳам бунақа тилла тухум туғадиган ғозни бериб қўйгиси келарди?».
Яна шу Хушнудбек тонировка нархини арзонлаштириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгани, аммо 1 йил ўтсада амалда ҳеч нарса ўзгармаганини эслатди.
«Хотирамиз қисқа
Роппа-роса 1 йил олдин Ички ишлар вазирлиги депутат Дониёр Ғаниев сўровига тонировка нархини арзонлаштириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган, деб жавоб берганди.
Орадан 1 йил ўтди. Нима бўлди, деб ўйлайсизлар? Ҳеч нарса!», — деб ёзади блогер.

Ҳаммаси аксинча бўлган — 1 йил ичида базавий ставка ошиши натижасида тонировка нархи ҳам ошган. Ҳуқуқшунос-блогер ўтган йилги ва ҳозирги нархни солиштирган.
«Масалан, 1 йил олдин ва ҳозир тонировка нархлари:
фақат орқа ён ойналар учун:
- ўтган йили 1 млн 225 минг сўм
- ҳозир 1 млн 500 минг сўм (+275 минг сўм)
олд ва орқа ён ойналар учун:
- ўтган йили 12 млн 250 минг сўм
- ҳозир 15 млн сўм (+2 млн 750 минг сўм).
Ҳа, тўғри, ўтган йили 15 сентябрдан бошлаб тонировка учун электрон ариза юборилса, атиги 10 фоиз чегирма бериш тартиби кучга кирди. Лекин ундан сал олдин, 1 сентябрь куни тонировканинг нархи ҳам 10 фоизга ошган эди. Яъни аввал 10 фоиз нарх оширилиб, кейин 10 фоиз чегирма берилганди.
Агар шуни ‘мана, ‘тонировка’ нархини арзонлаштирдик-ку’ дейишмоқчи бўлишса, унда билмадим, масъулларга шунчаки қойил», деб ёзади у.
Хуллас, блогер ва фаолларда шунақа гаплар. «Kompramatuzb» эса 1 июлдан «тонировка» учун тўлов бекор қилинишини ўз манбаларига таяниб ёзмоқда. Бу орада эса вазиятдан фойдаланган блогер Феруз Аллаев сўровнома уюштирган, унда ўқувчилари учун нима муҳим экани сўралган.
Вариантлар орасида «тонировка» бепул бўлиши, иномаркалар учун божлар олиб ташланиши, суд тизими реформаси, эркин сайловлар, бензин нархи пасайиши ва сўз эркинлиги кабилар бор. Хуллас, Феруз Аллаев шундай таҳликали ва шиддатли замонда ўз ўқувчиларини қийин танлов олдида қолдирган. Жавоблар эса қуйидагича бўлган (вариантлар фақатгина фоизларни билиш учунгина танланди).

Дайжест сўнггида тавсия, асло реклама эмас. «Bugun.uz» YouTube саҳифасида айнан шу мавзуга бағишланган видео жойланди. Агар томоша қилишга улгурмаган бўлсангиз, уни ҳам бир кўриб қўйинг — аудиовизуал қизиқроқ ва у ердаги маълумотлар тўлиқроқ.
Миржалол Қосимов