Жаҳон - 9:13 · 19.06.2022

Туркманистон президенти аммасини Миллий Қизил ярим ой жамияти директори лавозимидан бўшатди

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов аммаси Гульнабат Довлетовани мамлакат Миллий Қизил ярим ой жамияти бош директори лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Маълум қилинишича, бу кичик Бердимуҳаммедовнинг инаугурациясидан кейин, апрель ойида юз берган. Довлетованинг лавозимидан четлатилишига Сердарнинг амакиваччаси Шомурод Режепов билан ёмон муносабатда бўлгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Апрель ойининг биринчи ярмида «Хроника Туркменистана»нинг икки манбаси ҳам янги президент яқинларини таъқиб қилгани ҳақида хабар берган. Бироқ олинган маълумотларнинг баъзи тафсилотлари бошқача бўлган, шунинг учун таҳририят ўша пайтда уни нашр этмаган.

Нашр эътиборни Ҳожимурат ва Шомурод Режеповлар (президентнинг қариндошлари) президентлик сайловларининг эртасигаёқ мамлакатни тарк этиб, апрель ойи бошида Дубайда бўлганига қаратади. Туркманистонда уларга ва уларнинг бизнес тузилмаларига тегишли барча ҳисоблар музлатилган. Айни пайтда Ашхободдаги савдо марказлари ва ресторанлари ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Аввалроқ Туркманистон президенти учун Россиянинг зирҳли «Aurus» лимузини сотиб олинганди. Шунингдек. Сердар Бердимуҳамедовнинг онасига «Хизмат кўрсатган гиламдўз» унвони берилганди.

Bugun — LIVE