Жаҳон - 23:55 · 19.06.2022

Зеленский рафиқасининг муҳокамаларга сабаб бўлган сурати, хавфсизликка таҳдид деб эълон қилинадиган Россия ва Украинани қабул қилгунга қадар йўқ бўлиб кетиши айтилган ЕИ

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 19 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «BBC»

Британия бош штаби раҳбари Россияни мағлуб этишга қодир армия яратиш зарурлигини эълон қилди

Британия бош штабининг янги раҳбари Патрик Сандерс ўз мамлакати Россияни мағлуб этишга қодир армия яратиши керак деб ҳисоблашини айтди. Унинг сўзлари кўра, Британиянинг янги армияси Европада урушга тайёр бўлиши лозим.

«Энди иттифоқчиларимиз билан бирга жанг қила оладиган ва жангда Россияни мағлуб эта оладиган армия яратиш жуда муҳим. Биз армияни Европадаги урушга яна тайёрлашимиз керак бўлган авлодмиз», — деган у.

Медведев Европа Иттифоқи Украинани қабул қилгунга қадар йўқ бўлиб кетиши мумкинлигини айтди

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украинанинг Европа Иттифоқига қабул қилиниши фақат аср ўрталарида бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у ўзнинг Telegram каналида ёзди.

Медведевнинг сўзларига кўра, бу вақтга келиб ЕИ йўқ бўлиб кетиши мумкин.

Столтенберг: «Россия NATO саммитида хавфсизликка таҳдид деб эълон қилинади»

Мадридда 28–30-июнь кунлари бўлиб ўтадиган NATO саммити иштирокчилари Россияни бутун дунё хавфсизлигига таҳдид деб эълон қилиш ниятида. Бу ҳақда Шимолий Атлантика алянси бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.

«Биз Россия энди шерик эмас, балки бизнинг хавфсизлигимиз, шунингдек, тинчлик ва барқарорлик учун таҳдид эканини эълон қиламиз», — деган Столтенберг Германиянинг «Bild am Sonntag» нашрига берган интервюсида.

NATO бош котибининг сўзларига кўра, алянснинг янги стратегик концепциясида алянс ўз манфаатлари, қадриятлари ва хавфсизлигига таҳдид солаётган Хитой ҳам тилга олинади. «Хитойнинг юксалиши бизнинг манфаатларимиз, қадриятларимиз ва хавфсизлигимизга таҳдиддир», — деб тушунтирган у.

Саммит иштирокчилари NATO’нинг янги стратегик концепциясини тасдиқлаш ниятида, алянс келгуси ўн йил давомида унга амал қилишни мўлжалламоқда. Бу йилги саммитга Украина таклиф этилган. Президент Владимир Зеленский алянс етакчиларига видеоалоқа орқали мурожаат қилиши кутилмоқда.

Рада Украинада рус мусиқасини қисман тақиқлашни қўллаб-қувватлади

Олий Рада миллий мусиқа маҳсулотини қўллаб-қувватлаш ва Россиянинг мусиқий маҳсулотидан оммавий фойдаланишни чеклаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда депутат Ярослав Железняк маълум қилди.

«Рада Украина оммавий ахборот воситалари ва жамоат жойларида рус мусиқасини тақиқлади», — деган у.

Зеленский рафиқасининг янги сурати муҳокамаларга сабаб бўлди

Буюк Британиянинг 200 йилдан ортиқ вақтдан бери нашр этиладиган «Saturday»газетаси муқовасида Владимир Зеленскийнинг рафиқаси Елена Зеленскаянинг сурати чоп этилди. Янги интервюсида биринчи хоним уруш кўплаб украиналик оилаларни қандай ажратиб қўйгани ҳақида гапирган.

Фото: Instagram/ @olenazelenska_official

«Жуда гўзал аёл», «Жуда чиройли кадр. Ишингиз учун катта раҳмат», «Энг яхши», «Гўзал биринчи хоним», «Элена, сиз жуда чиройли аёлсиз, украин аёллари гўзаллигининг намунасисиз, жуда замонавий ва айни пайтда оддий ҳамда ҳамёнбоп», деб ёзган тармоқ фойдаланувчилари изоҳларда.

Bugun — LIVE