Бугун оқшоми. Президентнинг Конституциявий таклифлари, 1 млрд сўмлик стипендия, Украина учун тарихий ҳафта

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонда абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланди. Жараён бир ой давом этади.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда 2022/2023 ўқув йили учун абитуриентларни ОТМларнинг бакалавриат босқичига онлайн рўйхатга олиш бошланди. Жараён бир ой — 20 июлгача (20 июль куни ҳам) давом этади. Чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган йўналишларда эса 10 июль куни онлайн рўйхатга олиш якунланади.

Маълумот учун, рўйхатга олиш ДТМнинг расмий веб-сайти – my.dtm.uz ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали онлайн амалга оширилади.

Тошкентнинг 8 та тумани иссиқ сувдан вақтинча узилди. Бунга юқори босимли магистраль газ қувурида юзага келган носозлик сабаб бўлган.

Фото: «Bugun.uz»

Пойтахтнинг Миробод, Яккасарой, Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Шайхонтоҳур, Чилонзор, Сергели туманларида 20 июнь соат 18:00 дан 21 июнь соат 06:00 га қадар иссиқ сув таъминоти вақтинча тўхтатилди. Таъминот юқори босимли газ қувурида юзага келган носозлик бартараф этилиши биланоқ тикланади (деб ваъда бермоқда пойтахт ҳокимлиги).

Маълумот учун, Тошкент шаҳри ва, умуман, республиканинг турли ҳудудларида 20 июнь куни кучли ёғингарчилик кузатилди. Бунинг оқибатида пойтахтнинг қатор кўчаларида сув тошқини кузатилди. Ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолат тасвирланган видеолар тарқалмоқда. «Bugun.uz» уларни бир жойга жамлади.

Кўпроқ видео: Тошкентни яна сув босди.

Расман: Илҳом Алиев 21–22 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади.

Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 21–22 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатда бўлади.

Фото: «AP»

Саммит кун тартибидан Ўзбекистон–Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Икки мамлакат етакчилари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, тадбиркорлар ва ҳудудлар даражасида кооперация алоқаларини кучайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратади.

Маълумот учун, Алиев сўнгги бор 2010 йилнинг 27–28 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ташриф доирасида Тошкентда Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази очилган.

Абдулла Арипов Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши мажлисида иштирок этиш Беларусга борди.

Фото: «БЕЛТА»

Ўзбекистон бош вазирини аэропортда Беларусь бош вазири Роман Головченко кутиб олган. Ташриф бўйича бошқа маълумот йўқ.

Аммо Беларусь бош вазири Арипов билан учрашувда мамлакат президенти Александр Лукашенко сентябрда Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Вазир Роман Головченко ташрифдан мақсад ШҲТ саммитида иштирок этиш эканини айтган. Беларусь президенти Тошкентда Шавкат Мирзиёев билан ҳам икки томонлама учрашув ўтказиши қайд этилган.

Лукашенко ва Ўзбекистон

Александр Лукашенко президентлик фаолияти давомида Ўзбекистон борасида бир қанча баёнотлар берган. Жумладан, у Қозоғистонда содир бўлган январь воқеаларидан, биринчи навбатда, Ўзбекистон сабоқ чиқариши кераклигини айтган. Ўзбекистон президенти Лукашенконинг бу сўзларига муносабат билдирган.

«Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», — деган Мирзиёев.

Шу билан бирга, Лукашенко Ўзбекистон Россия ва Беларусь Иттифоқ давлатига қўшилиши мумкинлиги ҳақида гапирган.

«Биласизми, Беларусь аллақачон ушбу иттифоқда. Қозоғистон учун январдаги норозиликлари яхши сабоқ бўлади деб ўйлайман. Агар сиз 15 йиллик муддат десангиз, Украина иттифоққа қўшилишига ишончим комил. Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам иқтисодий заруриятдан келиб чиқиб, ўйлайманки, қўшилади», — деган у.

Ўзбекистон томони Беларусь президентининг мазкур баёнотига ҳам муносабат билдирган. Республика ўз миллий ривожланиш стратегиясига эгалиги айтилиб, Лукашенко бошқа давлатлардаги вазиятга баҳо ва уларнинг ташқи сиёсатига изоҳ бермаслиги кераклиги айтилган.

«Ўзбекистон мустақил, суверен давлат сифатида ўз келажагини аниқ тасаввур қилади ва фақат халқ ҳамда давлат манфаатларидан келиб чиқиб, ўзининг миллий ривожланиш стратегияси йўлидан боришда давом этади», дейилган муносабатда.

Инфографика: энг катта миқдори — 2 миллион доллар, энг ками 50 доллар — Антикоррупция агентлиги пора билан боғлиқ рақамларни очиқлади.

АОКАда 20 июнь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Дурдона Очилова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда агентлик томонидан ўтказилган пора олиш билан боғлиқ жиноятлар таҳлили хусусида сўз юритилди. Агентлик барча маълумотларни инфографикага жойлаган.

Инфографика: Антикоррупция агентлиги
Инфографика: Антикоррупция агентлиги
Инфографика: Антикоррупция агентлиги

Сурхондарё ҳокими талаба қизга 1 миллиард сўмлик стипендия сертификатини топширди. Аммо унинг барчаси қизнинг ўзига эмас.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов 18 июнь куни ёшлар фестивали доирасида талаба қизга 1 миллиард сўмлик сертификат топширгани акс этган сурат ижтимоий тармоқларда тарқалди. «Bugun.uz» ҳолат юзасидан маълумот олиш учун вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муродбек Давлатов билан боғланди.

Фото: Facebook / Аброр Курбонмуратов

Матбуот котибининг маълум қилишича, шбу сертификат суммаси жами 300 нафар талабага тақдим этилади. Суратдаги қиз Азиза Қосимова эса иқтидорли талабалар вакили сифатидагина ҳокимдан 1 миллард сўмлик сертификатни қабул қилиб олган.

2022/2023 ўқув йилида 8 ойга мўлжалланган 2 босқичли танлов асосида 300 нафар талаба ажратиб олинади. Бунда 4 ойдан, яъни сентябрь–декабрь ойлари учун 150 нафар талаба, март–июнь ойлари учун 150 нафар талабага стипендия берилиши режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев Конституцияга қандай ўзгаришлар киритишни таклиф қилди?рўйхат.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Конституцияга ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди. Президент йиғилиш давомида бош қомусга ўзгартиришлар киритиш бўйича қатор таклифлар берди. «Bugun.uz» давлат раҳбарининг таклифларини бир жойга жамлади. Ушбу мақолада Конституция нега ўзгартирилаётгани, Президент берган таклифлар, учрашувдан муҳим иқтибослар келтирилган.

Махсус фоторепортаж: «Bugun.uz» мухбири Тоғли Қорабоғга борди.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Озарбайжонда бўлиб ўтган «Глобал дунё тартибидаги таҳдидлар» мавзусидаги IХ глобал Боку форуми иштирокчилари 19 июнь куни Тоғли Қорабоғ иқтисодий райони — Фузулий ва Шуша шаҳарларида бўлди. Улар билан бирга ушбу ҳудудга борган «Bugun.uz» фотомухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров махсус фоторепортаж тайёрлади — барча суратлар.

Хўш, оламда нима гап?

Европа Иттифоқи Украинага номзодлик мақомини бериш борасидаги мурожаатга жавоб беради. Зеленский бу мамлакат учун тарихий ҳафта бошланишини маълум қилди. 

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Президентнинг сўзларига кўра, мазкур тарихий ҳафтада Украинага номзодлик мақомини бериш борасидаги мурожаатга Европа Иттифоқи жавоб беради.

«Ҳаммага аёнки, 1991 йилдан бери Украина учун бундай тақдирни ҳал қилувчи қарорлар кам бўлган. Ишончим комилки, фақат ижобий қарор бутун Европа манфаатларига мос келади», — дейди Украина раҳбари.

Зеленский бу ҳафта Украинанинг Европа истиқболини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланаётганини, хусусан, европаликларга янги мурожаатлар режалаштирилганини айтган.

Telegram расман пулли обунани ишга туширди. Ҳозирча фақат iOS’да.

Telegram жамоаси мессенжер фойдаланувчилари учун пулли Premium обунасини эълон қилди. Пулли версия 4 гигабайтгача файл юклаш, овозли хабарларни матнга таржима қилиш, рекламасиз постлар, эксклюзив стикерлар, реакциялар, кенгайтирилган диалог бошқаруви, файлларни юклашда устуворлик, обуначилар учун белгилар беришни ўз ичига олади.

Фото: «Bugun.uz»

Обуна бўлиш учун махсус @PremiumBot ишга туширилган. Ҳозирда Premium обунани фақатгина iOS операцион тизимида ишлайдиган смартфонларда харид қилиш мумкин. Ушбу тизим фойдаланувчилари App Store орқали обуна бўлса, унинг нархи 4,99 долларни ташкил қилади. Асосий обуна нархи аслида 3,99 доллар этиб белгиланган.

Компания обунани пулли қилишга қарор қилган, чунки обуна функцияларининг аксарияти серверларни сотиб олиш каби қўшимча харажатларни талаб қилади. Бундан ташқари, Telegram Premium сотувидан тушган маблағ мессенжернинг асосий версияси барча фойдаланувчилар учун бепул бўлиб қолишига имкон беради.

2022 йилда Telegram дунёдаги энг кўп юклаб олинган иловалар бешлигига кирган ва мессенжернинг фаол фойдаланувчилари сони ойига 700 миллион кишидан ошган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Андижонда аёл уйида фоҳишахона ташкил қилгани аниқланди — видео
Андижон, Жамият23:07 | 7.8.22
Андижонда аёл уйида фоҳишахона ташкил қилгани аниқланди — видео
Бугун оқшоми. Булутли об-ҳаво, рекламага тушмайдиган аёллар, Мелиқўзиев ва шахматчи йигитлардан навбатдаги ғалаба
Жамият21:00 | 7.8.22
Бугун оқшоми. Булутли об-ҳаво, рекламага тушмайдиган аёллар, Мелиқўзиев ва шахматчи йигитлардан навбатдаги ғалаба
ДТМ ногиронлиги тасдиқланмаган абитуриентларга мурожаат қилди
Жамият18:51 | 7.8.22
ДТМ ногиронлиги тасдиқланмаган абитуриентларга мурожаат қилди
Эронда аёлларга реклама роликларида суратга тушиш тақиқланди
Жаҳон18:33 | 7.8.22
Эронда аёлларга реклама роликларида суратга тушиш тақиқланди
Жиззахда юк машинаси ағдарилиши оқибатида йўловчи ҳалок бўлди
Жамият, Жиззах17:29 | 7.8.22
Жиззахда юк машинаси ағдарилиши оқибатида йўловчи ҳалок бўлди
БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо секторидаги вазият бўйича йиғилиш ўтказади
Жаҳон16:37 | 7.8.22
БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо секторидаги вазият бўйича йиғилиш ўтказади
Колумнистлар
Ваҳимали янгиликлар жонига теккан ёки уларни ўқишдан ўзини тия олмайдиганлар учун қўлланма