Жамият, Сиёсат - 15:12 · 20.06.2022

Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи бўйича қўшимча маълумот берилди

Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 21–22 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «AP»

Таъкидланишича, саммит кун тартибидан Ўзбекистон–Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Икки мамлакат етакчилари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, тадбиркорлар ва ҳудудлар даражасида кооперация алоқаларини кучайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратади.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий вазият юзасидан фикр алмашади, кўп томонлама тузилмалар доирасида фаол мулоқотни ривожлантириш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилади.

Олий даражадаги музокаралар якунида саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, илм-фан ва инновациялар, туризм ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини имзолаш кўзда тутилган.

Ташриф арафасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг етакчи компания ва корхоналари иштирокида ишбилармонлик тадбирлари ўтмоқда. Кейинги йилларда икки томонлама савдо кўрсаткичлари ва қўшма корхоналар сони сезиларли даражада кўпайган. 2021 йилда товар айирбошлаш ҳажми 42 фоизга, 2022 йил январь–май ойларида 49 фоизга ўсган.

Озарбайжон ҳудудида 2021 йилда Ўзбекистон автомобилларини йиғиш бўйича ишлаб чиқариш майдончаси ишга туширилган. Ипакчилик, аграр мажмуа, қурилиш материаллари саноати, нефть-газ, фармацевтика ва озиқ-овқат тармоқларида янги кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда ва ишлаб чиқилмоқда.

Мамлакатларда икки томонлама маданий тадбирлар, илмий анжуманлар, тақдимотлар ва ижодий учрашувлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Маълумот учун, Алиев сўнгги бор 2010 йилнинг 27–28 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ташриф доирасида Тошкентда Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази очилган.

Аввалроқ Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан июнь ойида мамлакатдаги ваколатли органлар томонидан озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмасини ўтказиш режалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Bugun — LIVE