Жамият - 11:43 · 20.06.2022

Президентдан навбатдаги таклиф: Яқин қариндошлари судлангани учун фуқароларни ишга қабул қилмаслик тартиби бекор қилинади

Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия йиғилишида яқин қариндошлари судлангани учун фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик тартиби бекор қилинишини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари яқин қариндошлари судлангани учун ишга қабул қилинмасликни адолатсиз тизим деб атади. Шунингдек, Мирзиёев собиқ тузум давридагаи қатағонлар ҳақида гапирди.

«Эсингизда бўлса, Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган маросимда яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ масалага алоҳида тўхталган эдим.

Нима сабабдан бир жиноят учун бутун авлод жавоб бериши керак Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши лозим? Бундай адолатсиз ‘тизим’дан энди бутунлай воз кечамиз.

Чунки халқимизга нисбатан собиқ тузум даврида, айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларидаги сиёсий қатағонларнинг ўзи етарли эмасми?!

Шу боис Конституциямизга «Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас», деб қатъий ёзиб қўйишимиз керак», — дейди Президент

Келтирилишича, «Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт», деган норма ҳам асосий қонунда акс эттирилиши шарт.

Аввалроқ Президент Конституцияга ўлим жазосини тақиқлаш тўғрисидаги нормани киритишни таклиф қилганди.

Bugun — LIVE