Жаҳон - 23:57 · 20.06.2022

Путиннинг нимадан қўрқишини айтган Германия канцлери, Зеленскийнинг яширин ташрифи, Байденнинг Украина борасидаги навбатдаги баёноти

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 20 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «NPR»

Байден Украинанинг Европа Иттифоқига киришини катта эҳтимол билан ижобий баҳолади

АҚШ президенти Жо Байден Украинанинг Европа Иттифоқига кириши мумкинлиги катта эҳтимол билан ижобой бўлишини айтди. Шунингдек, у Украина президенти Владимир Зеленский билан ҳафтасига 3-4 марта гаплашиб туришини маълум қилди.

«Менимча, бу содир бўлиши эҳтимолдан холи эмас», — деб жавоб берган Байден Украина Европа Иттифоқига қўшиладими ёки йўқми деган саволга. Жо Байденнинг айтишича, унинг Киевга сафари «шароитга боғлиқ» бўлиб қолмоқда.

Bloomberg: «Европа Иттифоқи шу ҳафта Украинага 9 миллиард евро ёрдам ажратади»

Яқин кунларда Европа Иттифоқи Украина учун 9 миллиард евролик молиявий пакет тафсилотларини якунлайди, дея хабар берди «Bloomberg» уч европалик расмийга таяниб.

Агентликнинг айтишича, Киев учун янги ёрдам пакети «асосий қарзни тўлаш учун 10 йиллик имтиёзли давр билан 25 йиллик кредитлар»дан иборат бўлади. Манбаларнинг айтишича, фоиз тўловлари Европа Иттифоқи бюджетидан қопланади.

«Bloomberg»нинг ёзишича, Европа Иттифоқи етакчилари 23-24 июнь кунлари Брюсселда учрашади. Йиғилишда Украинани тиклаш режаси ва иттифоққа кириш учун аризасини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Европа Иттифоқи Қримнинг аннекция қилиниши сабабли Россияга қарши санкцияларни яна бир йилга узайтирди

Европа Иттифоқи кенгаши Қримнинг аннекция қилиниши муносабати билан Россияга қарши жорий қилинган санкцияларни яна бир йилга узайтирди. Санкциялар 2023 йилнинг 23 июнига қадар узайтирилган. Бу ҳақда ЕИ кенгаши сайтида хабар берилди.

Россияга қарши «Қрим» санкциялари 2014 йил июнь ойидан бери амал қилади, улар ҳар йили 12 ойга узайтирилади. Брюсселнинг чекловчи чоралари Европа Иттифоқига Қримдан маҳсулотлар олиб киришни, ярим оролга инфратузилма ва молиявий инвестицияларни тақиқлашни назарда тутади. «Европа круиз кемаларининг ярим орол портларига кириши тақиқланган, фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно», дейилади Европа Иттифоқи кенгаши баёнотида.

«Путин демократия учқуни Россияга етиб боришидан қўрқади» — Счолз

Германия канцлери Олаф Шольцнинг айтишича, Россия президенти Владимир Путин демократиянинг Россияга ёйилишига йўл қўймаслик учун NATO ва Европа Иттифоқини парчалашга қаратилган сиёсат олиб бормоқда. Бу ҳақда у Twitter’да ёзди.

«Шубҳасиз, Путин демократия учқуни Россияга кириб боришидан қўрқади. Шу боис у кўп йиллар давомида NATO ва Европа Иттифоқини парчалашга қаратилган сиёсат олиб бормоқда. У таъсир зонасига қайтишни истамоқда. Аммо бундай қила олмайди», деб ёзган Олаф Шольц .

Зеленский фаол ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган Лисичанскга яширинча ташриф буюрди

Украина президенти Владимир Зеленский Луганск вилоятининг Лисичанск шаҳрига яширинча ташриф буюрди. Ташрифнинг аниқ қачон бўлгани эса номаълум. Бу ҳақда Faceboob’да «Слуги народа» партиясидан сайланган халқ депутати Маряна Безуглая хабар берди.

«Владимир Зеленский Лисичанскда. Яқинда. Асл сурат. Ўшанда у қўллаб-қувватлаш ва ўз кўзи билан кўриш, тушуниш учун ўққа тутилаётган шаҳарга яширинча келди. У биз билан эди», деб ёзган халқ депутати.

Bugun — LIVE