Жаҳон - 16:36 · 20.06.2022

Россиялик олигархлар Европа санкциялари туфайли қанча маблағ йўқотгани ҳисобланди

Европа Иттифоқи санкциялари оқибатида россиялик олигархлар ва муассасалар қиймати 12,5 миллиард евродан ортиқ бўлган ҳашаматли яхта, вертолёт, расмлар, кўчмас мулк ва бошқа активларидан маҳрум бўлди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.

Фото: «Sports.ru»

Европа комиссиясининг адлия бўйича расмий вакили Кристиан Виганд мазкур маълумотни тақдим этган.

«Россиялик олигархларнинг музлатилган активлари миқдори апрель ойидаги 6,7 миллиард евродан 12,5 миллиард еврога, деярли икки бараварга ошди», — дейди у.

Музлатилган активларнинг бундай кескин кўпайишини сўнгги ҳафталарда рус олигархларига тегишли кўплаб объектларнинг Германияда аниқлангани ва блоклангани сабаб бўлган.

Маълумот ўрнида, Германия россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилованинг Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган «Dilbar» яхтасини ҳам мусодара қилган. Дастлаб яхта Алишер Усмоновга тегишли бўлган. 156 метрли кема расман дунёдаги сиғими энг катта яхта деб тан олинган. Унинг тоннажи 15 917 тоннани, ички биноларнинг умумий майдони эса 3800 квадрат метрни ташкил этади. Яхтани 1875 йилда Бременда асос солинган Германиянинг «Lürssen» кемасозлик компанияси қурган бўлиб, компания мазкур яхта бир вақтнинг ўзида 40 нафаргача одамни сиғдира олишини айтган.

Аввалроқ Россия АҚШнинг рус олигархлари мулкини мусодара қилиш режасини баҳолаганди. Шунингдек, россиялик олигархлар қайси давлатга кетаётгани маълум бўлганди

Bugun — LIVE