Жамият, Сиёсат - 20:09 · 20.06.2022

Шавкат Мирзиёев Конституцияга қандай ўзгаришлар киритишни таклиф қилди? — рўйхат

Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Конституцияга ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди. Президент йиғилиш давомида бош қомусга ўзгартиришлар киритиш бўйича қатор таклифлар берди. «Bugun.uz» давлат раҳбарининг таклифларини бир жойга жамлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Конституция нега ўзгартириляпти?

Шавкат Мирзиёев учрашув бошида ушбу масалага тўхталди. Унинг сўзларига кўра, 2021 йилги Президент сайловида сайловчилар томонидан «Асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш» масаласи кўтарилган.

«Сўнгги йилларда фуқароларимиз томонидан амалдаги Конституцияни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилмоқда. Хусусан, ўтган йили Президент сайловолди учрашувларида сайловчилар томонидан Асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш масаласи кўтарилган эди.

Сайловчиларимизнинг шу борадаги хоҳиш ва истакларини амалга ошириш учун Олий Мажлис палаталари томонидан Конституциявий комиссия тузилиб, фаолият бошлади. Қисқа даврда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди», — дейди давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, бугунги кун ҳолатига кўра, комиссияга фуқаролардан 48 минг 492 та таклиф келиб тушган. Бу эса, қайд этилишича, конституциявий ислоҳотлар объектив ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига чиқаётганини яққол намоён этади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Конституцияни такомиллаштириш бўйича янги ва жуда масъулиятли босқичга қадам қўйилаётганини таъкидлади.

«Конституциявий комиссия томонидан тайёрланган таклифлар чуқур муҳокамадан ўтказилди ва ҳозирда Қонунчилик палатасига киритиш босқичида. Энди қонун, регламент асосида муҳокамалардан ўтказилади», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг таклифлари

Президент кириш сўзлари, маълумотлар ва ўзгаришлар мазмуни ҳақида гапиргандан сўнг ўз таклифларини билдиришни бошлади. У комиссия аъзолари эътиборини 4 та асосий йўналишга қаратиб, шулар бўйича таклифлар берган. Улар қуйидагилардан иборат:

Биринчи йўналиш — инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи

  • Ўлим жазосини тақиқлаш;
  • Шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши;
  • Яқин қариндошлари судлангани учун фуқароларни ишга қабул қилмаслик каби чекловларнинг бекор қилиниши;
  • Судларда ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари — қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиш;
  • Шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва унинг кафолатлари;
  • Ўзбекистон фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши, мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши.
Фото: Президент матбуот хизмати

Иккинчи йўналиш: «Ўзбекистон — ижтимоий давлат»

  • «Ўзбекистон — ижтимоий давлат» деган ғояни мустаҳкамлаш;
  • Фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш;
  • «Снос» деган ном билан машҳур бўлган муаммога бутунлай барҳам бериш учун уй-жой бўйича конституциявий кафолатни белгилаб қўйиш;
  • Cуднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги;
  • Уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилиши;
  • Xусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтириш;
  • Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласини Конституциявий қоида сифатида белгилаш;
  • Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини Конституцияда мустаҳкамлаш;
  • Ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги аниқ белгилаш;
  • Қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фонди давлат тасарруфида бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномаси асосида берилади, деган мазмундаги норма Конституцияда акс этиши;
  • «Оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланиши», жамиятнинг табиий ва таянч бўғини, жамият ва давлатнинг алоҳида ҳимоясида эканини мустаҳкамлаб қўйиш;
  • Боланинг манфаатлари, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш устувор йўналишлардан бири сифатида ўз аксини топиши;
  • Давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида белгилаб қўйиш;
  • Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида маънавий ва ахлоқий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур шароитларни яратишини белгилаш;
  • «Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир», деган қоидани киритиш;
  • Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай ажратиб қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бош тортиш тақиқланиши. Давлат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур шароитларни ва тенг имкониятларни яратиш. Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилиши;
  • Ҳар бир шахснинг қулай меҳнат шароитида ишлаш, меҳнати учун муносиб ҳақ олиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлишини белгилаш;
  • Инсоннинг меҳнатга ва муносиб ҳаёт шароитларига, ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш каби ишлар мунтазам, тизимли амалга оширилиши, ортга қайтмайдиган жараёнга айланиши учун мустаҳкам конституциявий кафолат;
  • Ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши қатъий белгилаб қўйиш;
  • Болалар меҳнатига йўл қўймаслик;
  • Давлат чет элда яшаётган ва ишлаётган фуқароларимиз ҳамда ватандошлар билан мунтазам алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида ғамхўрлик қилади, деган қоидани киритиш;
  • Конституциянинг 40-моддасини («Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга») кенгайтириб, тўғридан-тўғри қўлланадиган нормалар билан бойитиш;
  • Экологик хавфсизлик йўналишга доир экологик-ҳуқуқий нормалар киритиш;
  • Давлатнинг эркаклар ва аёллар, оилалар ва болалар, ёшлар ва нуронийлар, ногиронлиги бор шахслар, мамлакатда ёки унинг ташқарисида бўлишидан қатъи назар, барча инсонлар ҳақида қайғуриши Конституцияда мустаҳкамланиши;
  • Боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини устувор тараққий эттиришни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш;
  • Педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмасликни белгилаш.
Фото: Президент матбуот хизмати

Учинчи йўналиш — эркин ва адолатли фуқаролик жамияти ривожланиши билан боғлиқ масала

  • Маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифаларини аниқ белгилаб қўйиш (бунда маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиш бўйича ваколатлари алоҳида белгиланиши).

Тўртинчи йўналиш — Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш масаласи

  • «Ўзбекистон — ҳуқуқий давлат» деган ғояни Конституцияда аниқ мустаҳкамлаб қўйиш;
  • Давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни, мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш юзасидан қоидалар киритиш;
  • Xалқ ҳокимиятчилигини, ҳокимиятларни бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатда сақлаш механизмларини таъминлашни янада кучайтириш;
  • Ҳукуматни шакллантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлашда Олий Мажлиснинг ваколатларини кенгайтириш бўйича тегишли қоидаларни белгилаш;
  • Олий Мажлиснинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларининг конституциявий асосларини кучайтириш;
  • Президентнинг айрим ваколатлари: Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатини Сенатга ўтказиш;
  • Ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш;
  • Конституцияга қонунчилик таклифларини киритиш институтини жорий этиш;
  • Ҳукумат ваколатларини кенгайтириш;
  • Вазирлар Маҳкамаси ва ҳокимликларнинг экология, ёшлар сиёсатини амалга ошириш, оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қулай жамоат транспортини ривожлантириш, аҳолининг дам олиши учун зарур шароитлар яратиш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича масъулиятини белгилаш;
  • Фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мослигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқишни Конституциявий суднинг ваколатида акс эттириш;
  • Ўзбекистон барча давлатлар, энг аввало ўзининг яқин қўшнилари билан тинчликпарвар ва дўстона сиёсат юритиши, унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принцип ва нормаларига асосланиши ҳақидаги моддани қўшиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини янги таҳрирда ишлаб чиқиш. Концепцияларни ҳам Конституциявий қонун шаклида қабул қилиш;
  • Парламент томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиш ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиш.
Фото: Президент матбуот хизмати

Президентдан муҳим иқтибослар

«Конституциявий ислоҳотларимиз Ватанимиз тақдири ва келажаги учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган масаладир»;

«Ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда»;

«Олти йил олдинги халқимиз билан бугунги юртдошларимизнинг дунёқараши ўртасида катта фарқ бор»;

«Чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг Бош ҳужжати — Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин»;

«‘Инсон қадри учун’ ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган ‘Инсон — жамият – давлат’ деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур»;

«Инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак»;

«Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати, ҳамма нарсадан устундир!»;

Фото: Президент матбуот хизмати

«Яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган»;

«Нима сабабдан бир жиноят учун бутун авлод жавоб бериши керак? Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши лозим? Бундай адолатсиз ‘тизим’дан энди бутунлай воз кечамиз. Чунки халқимизга нисбатан собиқ тузум даврида, айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларидаги сиёсий қатағонларнинг ўзи етарли эмасми?!»;

«Афсуски, миллий қонунчилигимизда бажариб бўлмайдиган ёки бажариш қийин бўлган нормалар ҳам учраб туради. Аслида, қонунлар инсонга ҳеч қачон ортиқча талаб қўймаслиги керак. Ортиқча талаб, аввало, ортиқча харажат дегани. Қолаверса, бу коррупцияга йўл очади»;

«Ижтимоий давлат — ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир»;

«Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади»;

«Ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди»;

«Бизнинг халқимиз учун уй-жой — бу Ватан ичра кичик ватандир»;

«Тараққиётнинг кўп асрлик тажрибаси шуни кўрсатадики, хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз кучли ижтимоий давлатни қуриб бўлмайди»;

«Биз учун инсон саломатлиги – миллат ҳаётининг давомийлигини таъминлаш, унинг генофондини сақлаш, барқарор миллий стратегиямизнинг муҳим таркибий қисмидир»;

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ҳуқуқий давлат — демократик тамойиллар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлатдир»;

«Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси — ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади. Шунда ҳар бир ватандошимиз ‘Янги Ўзбекистон Конституцияси — менинг Конституциям’ деб юксак ғурур билан айта олади»;

«Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган барча ислоҳотларимиз ҳар биримизнинг бугун ва келажакда фаровон ҳаёт кечиришимизни таъминлашга қаратилган»;

«Ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, шаъни ва ғурурини улуғлаб, Ватани ва халқига тоғдек таянч бўлиб яшашга қодир, эркин ва азму шижоатли инсонлардир»;

«Биз ишлашга — иши, яшашга — уйи бўлган, фуқаролари тинч ва эркин, ҳаётдан мамнун, дастурхони тўкин, оиласи бахтиёр ва фаровон яшайдиган давлат қуришни мақсад қилганмиз»;

«Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир!»;

«Орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин ғоят мураккаб шароитда бундай улкан ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшган инсонларни келгуси авлодлар ҳеч қачон унутмайди».

Миржалол Қосимов тайёрлади

Bugun — LIVE