Жамият - 13:56 · 20.06.2022

Шавкат Мирзиёев Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум ўтказишни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Конституциявий комиссия йиғилишида Конституцион ўзгаришлар бўйича реферндум ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизати

Давлат раҳбари ўзгаришлар референдум орқали амалга оширилса бош қонун ҳақиқий халқ Конституцияси бўлишини айтди.

«Албатта, халқимиздан комиссияга келиб тушган барча муҳим ва долзарб таклифларни бугун сизлар билан батафсил муҳокама қилиш имкониятига эга эмасмиз. Мен уларнинг айримларига тўхталиб ўтдим, холос.

Комиссия таклифи асосида Парламент томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этаман.

Тўғри, амалдаги қонунчилигимизга кўра, парламентнинг ўзи ҳам Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эга.

Лекин, конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман.

Бу ‘Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир’ деган тамойилга тўла мос келади. Шунда ҳар бир ватандошимиз ‘Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям’ деб юксак ғурур билан айта олади», — деди президент.

Bugun — LIVE