Жамият - 14:30 · 21.06.2022

Автомобиль сотиб олиш маданияти: замонавий бозорнинг тузоқлари

Яримўтказгичлар инқирози ҳақида деярли ҳар биримиз тобора кўп эшитмоқдамиз, инқироз оқибатида бутун дунё бўйлаб автомобиль танқислиги бошланди.

Woman buying the car. Lady in a car salon. Manager with a client

Ҳозирги замонда деярли ҳар бир киши интенсив ритмда яшайди. Ҳар куни биз оиладаги, ишдаги ва шахсий ишлардаги масалаларни ҳал қилишга мажбур бўламиз. Баъзи вазиятларда автомобилсиз ҳамма ишга улгуришни тасаввур ҳам қила олмаймиз. Шу муносабат билан, биз мамлакатимиз йўлларида темир от эгаларининг сони тез ўсаётганини кузатишимиз мумкин. Ҳозирги 2022 йилда машина сотиб олиш жуда оддий иш бўлиб туюлади, шунчаки маълум миқдорда пул тўплаб, автосалонга келиш ва машина сотиб олиш кифоя. Бироқ, замонавий бозорнинг ҳақиқатлари бу жараённи нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда мушкуллаштирмоқда. Бугун биз обуначилар билан биргаликда, яримўтказгич инқирози автомобиллар танқислигини қандай ҳосил қилгани ва экспертлар яқин йиллар учун қандай прогнозларни бераётгани масалаларини кўриб чиқамиз.

Яримўтказгич инқирозининг автомобиль саноатига таъсири

Яримўтказгичлар инқирози ҳақида деярли ҳар биримиз тобора кўп эшитмоқдамиз, инқироз натижасида бутун дунё бўйлаб автомобиль танқислиги бошланди, маиший техника нархлари ошди ва ҳатто баъзи мобил телефонлар чекланган миқдорда ишлаб чиқарилмоқда.

Яримўтказгичлар нима?

Information Technology журналига кўра, яримўтказгич – бу кристалли материал. Электр энергияни металл каби яхши ўтказмаса-да, лекин кўп изоляторларга нисбатан ўтказувчанлиги кучлироқ. Бу материал чиплар, процессорлар ва бошқа электрон бошқарув элементларини ишлаб чиқаришда асосий хомашё саналади.

Яримўтказгичларни ишлаб чиқариш 9 босқичда бажариладиган мураккаб технологик жараён. Нима учун яримўтказгичлар етарли эмас?

Коронавирус пандемияси пайтида техника ва автомобиль ишлаб чиқарувчилар оғир вазиятга тушиб қолишди: улар изоляция пайтида истеъмолчилар янги нарсаларни харид қилиш эмас, биринчи навбатда соғлиғига эътибор қаратишади, деган фикрда бўлган. Бундан ташқари, глобал чекловлар туфайли заводлар аввалгидек ишлай олмади ва ишлаб чиқариш сонини сезиларли даражада қисқартирди. Шу муносабат билан, автомобиль гигантларининг аксарияти яримўтказгичларни етказиб беришдан воз кечишди, ва шу сабабли буюртма ҳажмлари тушиб кетди. Электроника ишлаб чиқарувчилари билан ҳам худди шундай воқеа юз берди. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда дунёда фақат бир нечта мамлакатлар яримўтказгичларни саноат миқёсида ишлаб чиқармоқда. Бу — Хитой, Тайван ва АҚШ. Тарих тақозоси билан юқори технологик ишлаб чиқариш жараёни Хитой ва Тайванга кўчирилди, бунинг сабаби, энг мақбул қулай экологик қонунлар ва арзон ишлаб чиқариш нархлари эди. АҚШ мамлакатнинг ички манфаатлари ҳимояси нуқтаи назаридан, заводни тарк этди.

Бироқ, пандемия мобайнида харидорларнинг хатти-ҳаракати тахмин қилинган нарсаларга мутлақо зид эди. Уй шароитида одамлар масофавий иш шаклига ўтишди, уларнинг ноутбукларга, стационар компьютерларга ва смартфонларга эҳтиёжи ошди. Бундан ташқари, айрим мамлакатлар карантин чекловларини енгиллаштирганидан сўнг, харидорлар дарҳол автосалонларга автоулов харид қилиш учун бордилар. Автомобилларни харид қилишга бўлган талаб кескин ошди, лекин ишлаб чиқарувчилар маҳсулот ишлаб чиқариш сонини камайтирган эди. Компанияларнинг кўп миқдордаги яримўтказгичларга эҳтиёжи кучли эди, аммо ўз навбатларини йўқотишганлиги сабабли, буюртмалар етказиб бериш муддати сезиларли даражада сурилиб кетди ва чипларга талаб ортгани туфайли, фабрикаларда ишлаб чиқариш кескин оширилганига қарамай, етарли даражада маҳсулот ишлаб чиқаришга улгуришмаган эди. Lexus, Hyundai, Kia, Toyota 2020 йилда ўз мижозларига расмий равишда автомобилларни ўз вақтида етказиб бера олмаслигини эълон қилди, аммо бу фақат бошланиши эди.
2021 йилда табиий офатлар кетма-кетлиги яримўтказгичлар ишлаб чиқариш тўлиқ тўхтатилишига олиб келди. Шундай қилиб, Тайванда қурғоқчилик юз берди, яримўтказгичларни ишлаб чиқариш учун эса кўп сув сарфи талаб қилинади.

NXP компанияси ғайритабиий совуқ ва электр энергияси йўқлиги туфайли Техаснинг Остин шаҳридаги завод фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.

АҚШда вазият яхши эмас эди, Техас штатида, Америка заводи жойлашган ҳудудда электр энергиясининг узилишини келтириб чиқарган ғайритабиий совуқлар юз берди. Электр таъминотини бир неча ҳафта мобайнида тиклашнинг иложи бўлмади. Фақат Хитой заводи иш фаолиятини тўхтатмаган эди, лекин биринчидан, битта завод барча жаҳон ишлаб чиқарувчиларини етарли ҳажмда таъминлай олмас эди, иккинчидан, Хитой халқ Республикаси ҳукумати биринчи навбатда яримўтказгичлар билан маҳаллий автомобиль ва ускуналар ишлаб чиқарувчиларни таъминлашга қарор қилди.

Автомобиль бозоридаги ҳозирги вазият

Бугунги кунда деярли барча мамлакатларда автомобиллар етишмовчилиги мавжуд, баъзи автосалонларда автомобиллар қолмаган бўлса, баъзиларида эса автомобиль дилерлари нархларни сезиларли даражада оширган. Ишлаб чиқарувчилар қандай қарорга келди? Ҳар бир компания яримўтказгич етишмовчилиги муаммосини вазиятдан келиб чиқиб ҳал қилади. Автомобиль компаниялари ишлаб чиқариш линиясини тўхтатиш катта йўқотишларга олиб келиши мумкинлигини тушунади, шунинг учун улар маълум бир жиҳозларсиз автомобилларни ишлаб чиқаришни давом эттирмоқда. Мисол учун, Тесла ўриндиқни электрон мослаштириш созламаларидан воз кечди. Jeep, Dodge ва RAM энди кўриш қийин бўлган жойларни кузатиш тизимлари билан жиҳозланмайдилар. Умуман олганда, ишлаб чиқарувчилар ўз автомобилларининг комплектациясини соддалаштиришга мажбур.

Яна бир қарор Американинг Форд компанияси томонидан қабул қилинди, у автомобил ишлаб чиқаришни давом эттирди, лекин автомобиллар махсус тураргоҳларга жойлаштирилмоқда, чунки улар автомобилдан фойдаланиш учун зарур бўлган айрим ускуналар билан жиҳозланмаган. Ишлаб чиқарувчи чипларни олгач, уларни тайёр машиналарга ўрнатишади. 2021 йил декабрь ойида, Америка штатларида камида 7000та Ford F150 пикапи жамланди, ва бу аллақачондан бери компания учун муаммо бўлиб қолмоқда, чунки машиналарни сақлаш учун етарли жой мавжуд эмас. Ишлаб чиқариш линиясини тўхтатиш эса кўплаб иш ўринларни қисқаришига олиб келади ва шу жиҳатдан катта йўқотишларга сабаб бўлади.

Америкадаги General Motors бошқа услубни қўллади. Компания Chevrolet Malibu моделининг маржиналлиги Chevrolet Tahoe ва Chevrolet Silverado’дан камроқ эканлигини таҳлил қилди ва седандан йўлтанламас ва пикапларга мультимедиани ўрнатишга қарор қилди. Яна бир услубни Германиянинг Mercedes-Benz компанияси қўллади, улар содда ва арзон жиҳозланган автомоделларнинг сотувини тўхтатдилар, ва харидорларга қимматбаҳо моделларни таклиф қилдилар, шу билан яримўтказгичлардан кам даромад келтирадиган моделлардан премиум номларга йўналтирдилар. Volkswagen ҳам, рақобатчиларидан паст келмади, ва компания электрокарларни устуворлигини биринчи ўринга қўйди. Бунинг сабаби экологик тренд бўлгани учун эмас, бундай моделлар чекланган жиҳозларга эга бўлганига қарамай жуда катта даромад олиб келади.

Бундай ечимлар билан ҳам, барча автомобиль ишлаб чиқарувчилари чиплар сони талабни қондириш учун етарли эмаслигини таъкидлайдилар. 2022 йилда глобал бозорларга чиқариладиган деярли ҳар қандай янги модель дарҳол танқис бўлиб қолмоқда. Ушбу ҳолат бозор нархларига таъсир қилиши аниқ. Агар баъзи МДҲ мамлакатларининг автомобиль бозорларидаги нархларни кўриб чиқсак, автомобиль нархлари кескин ошганлигини кўриш мумкин. Мисол учун, қўшни Қозоғистон Республикасида Skoda ва Hyundai каби турли хил хорижий автомобилларни йиғадиган бир нечта завод мавжуд бўлса-да, автосалонларда автомобиллар, ва ҳаттоки уларнинг нархлари йўқ.

The Verge Америка нашрига кўра, фақат 2022 йил апрель ойида АҚШ истеъмолчилари камомад туфайли сотиб олинаётган автомобиллар учун ўртача 8 фоиздан 15 фоизгача қайта тўлов қилишган. Бундай статистика деярли барча мамлакатларда кузатилади. Юқори талаб туфайли фабрикалар микрочипларнинг етишмаслиги сабабли керакли миқдордаги автомобилларни ишлаб чиқаришга қодир эмас.

Бутун дунё яримўтказгичларнинг етишмаслигидан азият чекмоқда, бу эса заводларни қуриш ва талабни қондиришга тўсқинлик қиладими?

Муаммо шундаки, бундай ечим катта сармоя ва қурилиш учун етарлича узоқ вақтни, яъни тахминан 1-2 йилни талаб қилади. Инвесторлар ўз маблағларини тикиб таваккал қилишни исташмайди, чунки бу муддат ичида вазият ўзгариб, уларнинг заводлари даромад олиб келмаслиги мумкин. Шунинг учун автомобилсозлик соҳасидаги прогнозлар жуда салбий. Яримўтказгичларнинг инқирози камида бир йил давом этади ва биз истеъмолчилар сифатида автомобиллар ва ускуналар етишмаслигида яшашимиз керак.

Ўзбекистон бозорини қандай келажак кутмоқда?

Маълумки, Ўзбекистонда асосий енгил автомобил ишлаб чиқарувчи UzAutoMotors ҳисобланади. Сўнгги йиллар мобайнида компания сезиларли даражада ўсди ва истеъмолчига нисбатан шаффофроқ бўлди: кўп йиллик навбатлар йўқолди, trade-in дастурлари пайдо бўлди, автомобиль кутиш муддатларини кузатиш имконияти яратилди. Бироқ маълум истеъмолчилар гуруҳи ҳозир барибир автосалонга мурожаат қилган куннинг ўзида айрим моделларни харид қилиб бўлмаслиги, чунки улар сотувга йўқлиги борасида эътироз билдириши мумкин. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда UzAutoMotors маблағларни тежаш мақсадида автомобилларни магнитоласиз ёки ўриндиқлар иситиш тизимисиз чиқараётгани ҳақида фикрлар айланмоқда.

Мазкур қараш буткул нотўғри, чунки, бугунги кунда UzAutoMotors операцион иши етарли даражада самарали йўлга қўйилган ва ишлаб чиқарувчи автомобилларни тезликда йиғиш ва уларни истеъмолчига сотишдан хурсанд бўлар эди, бироқ айнан яримўтказгичлар тақчиллиги автомобил етказиб беришни қийинлаштирмоқда. Унутмаслик керакки, ҳатто энг оддий автомобиль ҳам юзлаб микрочипларни талаб қилади. Агар икки-уч ойдан иборат Chevrolet Gentra’ни кутиш муддатлари билан, дейлик, йиллар давомида кутиладиган Toyota Land Cruiser 300 билан солиштирадиган бўлсак, UzAuto’дагилар ўз ишини билиб қилаётгани яққол намоён бўлади. Ўзбекистондаги одамлар Toyota брендига нисбатан бироз ён босувчи қарашга эга бўлса-да, бизнинг қиёслашимиздан маҳаллий ишлаб чиқарувчи мазкур вазиятда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни имкон қадар четлаб ўтаёгани кўринмоқда.

Афсуски, яқинда дунёдаги ноқулай сиёсий вазият туфайли Россиянинг пўлат ишлаб чиқарувчиларига қарши санкциялар қўлланилгани ҳақида хабарлар етиб келди. Улар UzAuto автомобил ишлаб чиқариши учун хомашё етказиб берувчилардан бири ҳисобланар эди. Бироқ бу хабарга қарамасдан, компания муқобил ҳамкорлар билан алоқа ўрнатиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига таъсирни камайтириш учун фаол чора кўрмоқда.

Шуни англашимиз муҳимки, UzAuto бугунги кунда «анъанавий типдаги корпорация» эмас, аксинча ўз истеъмолчиларини тинглайдиган, моделлар қаторини доимий равишда такомиллаштириб борувчи ва бозорга замонавий электромобилларни чиқариш имкониятларини ўрганиб келаётган замонавий ва етарли даражада мослашувчан компанияга айланди.

Автоблогер Алишер Исмоилов

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Bugun — LIVE