Жамият - 21:00 · 21.06.2022

Бугун оқшоми. Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи, Кушербаев ва Қодировнинг даҳанаки жанги, Эронда қатл қилинган ўзбек

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Озарбайжон президенти Ўзбекистонда. Биринчи кун.

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 21 июнь куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Aэропортида меҳмонни бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Ташрифнинг асосий тадбирлари бугун бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Расмий учрашувлар бошланишидан олдин Алиев ва Мирзиёев Ҳайдар Алиев шарафига номланган кўча ва ҳиёбонни (унинг ичида Озарбайжоннинг учинчи президенти бюсти ҳам бор) очиб берди.

Ҳайдар Алиев майдони очилишидан сўнг президентлар Янги Ўзбекистон боғидаги Мустақиллик монументига ташриф буюрди. Илҳом Алиев ёдгорлик пойига гулчамбар қўйган. Озарбайжон президентига Мустақиллик монументи ҳақида маълумот берилгач, президентлар эсдалик учун суратга тушган.

Фото: Озарбайжон президенти матбуот хизмати

Шундан сўнг барча расмий жараёнлар бошланди. Кўксарой қароргоҳида Илҳом Алиевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Барчаси одатдагидек: фахрий қоравул сафи, давлат раҳбарларининг шоҳсупага кўтарилиши, мадҳиялар ва расмий делегациялар аъзолари.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Маросимдан кейин президентлар тор доирадаги учрашувга кириб кетди. Унда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари учрашув чоғида икки мамлакат ҳудудида нефть-газ, газ-кимё, тўқимачилик, фармацевтика, виночилик ва озиқ-овқат тармоқларида саноат кооперацияси истиқболларини муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий вазият юзасидан ҳам фикр алмашиб, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилди. Шундан сўнг кенгайтирилган таркибдаги учрашув ҳам бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот учун, Илҳом Алиевнинг ташрифи 22 июнь куни ҳам давом этади. Эртага Хива шаҳридаги тарихий ёдгорликларни зиёрат қилиш режалаштирилган.

Қонунчилик палатасида жонли эфир пайтида Алишер Қодиров ва Расул Кушербаев ўртасида тортишув юз берди.

Йиғилиш давомида электрон далил масаласидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган пайт икки депутат ўртасида даҳанаки тортишув содир бўлган.

«Лўличилик қилманг саҳнага чиқиб олиб. Гапни эшитинг. Саволга жавоб беришни билиш керак. IT’ни тушунасизми? Электрон маълумот нималигини тушунасизми? Ҳеч нимани тушунмайсиз. Битта саволга ҳам жавоб беролмаяпсиз», — деди Алишер Қодиров.

Ушбу тортишувдан сўнг ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Қодировнинг эътирозлари (фақат қонунга нисбатан) тўғри бўлганини ёзган. У қонун матни юридик жиҳатдан пухта эмаслиги, бунинг оқибатида терговчилар учун «лазейка» бўлиб қолиши мумкинлигини қайд этган.

«Масаланинг охирига етиш учун муҳокамани тўлиқ кўриб чиқдим. Кушербаев ҳимоя қилаётган Жиноят-процессуал кодексини ўзгаритиришга оид қонун лойиҳасига фақат Қодиров эмас, бошқа депутатлар — Илҳом Абдуллаев, Дониёр Ғаниев, Шарофиддин Назаров ҳам эътироз билдирган. Ҳуқуқшунос сифатида айтишим мумкинки, барчасининг эътирози тўппа-тўғри!

Қонун лойиҳаси матни юридик жиҳатдан пухта эмас, шу сабабли эртага амалиётда терговчилар бу лазейкали қонундан фойдаланиб, мансабдор шахсларнинг телефон ва компьютерларини бемалол титкилай оладиган бўлиб қолади. Амалиётда буни бирорта депутат назорат қилиб беролмайди, қўлидан келмайди», деб ёзади Хушнуд Худойбердиев.

Шундан сўнг кўпчилик блогерлар сингари ҳуқуқшунос ҳам Миллий тикланиш партияси раисининг «лўличилик» иборасига эътибор қаратди. Унинг бутун бир миллатга нисбатан ҳурматсизлиги нотўғри бўлганини кўпчилик ёзмоқда. «Kainbek» ҳаттоки лўлилар Қодировни судга бериши мумкинлигини эслатди.

Фото: «Bugun.uz»

Депутат Кушербаев тортишувдан сўнг Қодировнинг «Озодликсевар депутат» дегани гапига жавоб берган (ва раисни «миллатчироқ ака» деб атаган):

«Мен ҳақиқатан ҳам озодликни севаман ва ўзимни озод инсон деб биламан. Бу менинг энг қадрли бойлигим.

Менимча, қолганлар ҳам озодликни севиб, ўзларини озод инсонлар деб билишади, айниқса депутатлар.

Биз озодсеварлармиз!», деб ёзади депутат.

Bugun.uz ҳуқуқшунос Зафар Солижонов билан интервью уюштирди. Унда айнан Расул Кушербаев ва Алишер Қодиров ҳақида ҳам сўз борган. Кўришни тавсия қиламиз!

Москва биржаси 27 июндан бошлаб ўзбек сўмида савдоларни амалга оширади.

Фото: «Bugun.uz»

Биржанинг расмий сайтида маълум қилинишича, ушбу санадан валюта бозорида ўзбек сўми, арман драми ва Жанубий Африка ранди бўйича савдолар бошланади. Савдо иштирокчилари ва уларнинг мижозлари қуйидаги валюта жуфтликлари учун спот ва алмаштириш воситаларидан фойдаланишлари мумкин:

  • Жанубий Африка ранди – Россия рубли (ZAR/RUB);
  • АҚШ доллари — Жанубий Африка ранди (USD / ZAR);
  • Арман драми — Россия рубли (AMD/RUB);
  • АҚШ доллари – Арман драми (USD/AMD);
  • Ўзбек сўми — Россия рубли (UZS/RUB).

Ўзбекистонда буғдой уни импорти ўтган йилга нисбатан қарийб 20 тоннага ошди.

Ўзбекистонга январь–май ойларида хориждан 49 миллион долларга 158,4 минг тонна буғдой уни импорт қилинди. Кўрсаткич 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 19,8 минг тоннага ошган.

Фото: «Bugun.uz»

Ўтган 5 ой давомида Ўзбекистон энг кўп буғдой импорт қилган давлатлар ичида Қозоғистон катта фарқ билан етакчилик қилмоқда — 153,4 минг тонна. Россиядан эса 4,9 минг тонна буғдой уни олиб келинган. АҚШ эса Ўзбекистонга 50 тонна буғдой уни экспорт қилиб, кучли учликни якунлаб берган.

Ўзбекистонда қизлар ўртача 22,3 ёшда, йигитлар эса 26,5 ёшда оила қурмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига республика бўйича илк бор оила қураётган эркакларнинг ўртача ёши 26,5, қизларники эса 22,3 ни ташкил этган.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳудудлар кесимида илк бор оила қураётган эркакларнинг энг кам ўртача ёши Бухоро вилоятида — 25,4 ёш экани қайд этилган, акси эса Тошкент шаҳрида кузатилган — 27,1 ёш. Қизлар орасида ҳудудлар кесимида энг кичик ўртача ёш Наманган ва Фарғона вилоятларида қайд этилган — 21,5 ёш. Бунинг акси ҳам пойтахтда бўлган — 23,1 ёш.

Хўш, оламда нима гап?

Эронда икки нафар шиа уламосини ўлдиришда айбланган ўзбек йигит қатл этилди.

Фото: «Tasnim»

Эроннинг Машҳад шаҳрида 5 апрель куни асли ўзбекистонлик 21 ёшли Абдуллатиф Мурадий Имом Ризо номли шиа ибодатхонасида уч нафар уламога пичоқ билан ҳужум қилган. Оқибатда улардан бири ногиронлигича қолган, икки нафари олган жароҳатлари туфайли вафот этган.

Таъкидланишича, йигит бир йил аввал Покистон орқали Эронга ноқонуний борган. У одам ўлдириш мақсадида пичоқ билан ҳужум қилишда айбланган. 20 июнь куни эрталаб Мурадий Машҳаддаги Вакилобод қамоқхонасида осилган. Марҳум ИШИД террорчилик ташкилоти тарафдори бўлгани қайд этилган.

Германия канцлери Олаф Шольц Европа Иттифоқига янги аъзоларни қабул қилишни осонлаштиришни таклиф қилди.

Фото: «РИА Новости»

Канцлер Европа Иттифоқи барча соҳаларда бир овоздан қарор қабул қилиш тамойилидан узоқлашиши ва янги аъзоларни қабул қилишга тайёргарлик кўриши кераклигини таъкидлаган.

«Бунинг учун Европа Иттифоқи тузилмалари ва қарор қабул қилиш жараёнларини модернизация қилиши керак. Ҳар доим ҳам бир овоздан қарор қабул қилиб бўлмайди, гарчи ҳозирги процедура бир овозни кўзда тутса ҳам», — деган Шольц.

Унинг сўзларига кўра, у бу масалани 23-24 июнь кунлари бўлиб ўтадиган ЕИ саммитида кўтармоқчи.

Маълумот ўрнида, Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари Украина, Молдова ва Грузиянинг аъзолик ҳақидаги аризаларини кўриб чиқади. Еврокомиссия биринчи икки давлатга ЕИ аъзолигига расмий номзодлар мақомини беришни тавсия қилган. Украина президенти Владимир Зеленский бу мамлакат учун тарихий ҳафта бўлишини айтганди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE