Жаҳон - 23:58 · 21.06.2022

Киевдаги энг хавфли ҳудудлар, АҚШ бош прокурорининг кутилмаган ташрифи ва Россиядан 3 тонна олтин сотиб олган Швейцария

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 21 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «The Guardian»

Швейцария 24 февралдан бери биринчи марта май ойида Россиядан 3 тонна олтин сотиб олди

Швейцария Россия қўшинларининг Украинадаги «махсус операцияси» бошланганидан бери биринчи марта Россиядан олтин сотиб олди, деб хабар бермоқда «Bloomberg» Федерал божхона ва чегара агентлиги маълумотларига таянган ҳолда.

Агентлик маълумотларига кўра, май ойида Швейцария Россиядан 3 тоннадан ортиқ олтин импорт қилган. Бу май ойида мамлакатга импорт қилинган умумий олтин ҳажмининг қарийб 2 фоизини ташкил этади. Импорт қилинган Россия олтинлари маҳаллий олтинни қайта ишлаш заводлари учун мўлжалланган.

Россиядаги Украина ва Донбассдан келган қочқинлар сони 2 миллион кишидан ошди

«ТАСС» ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, 24 февралдан кейин Украина, Донецк ва Луганск ҳудудларидан Россияга келган қочқинларнинг умумий сони 2 миллиондан ортиқ кишини ташкил қилаётганини маълум қилди. Аммо БМТ маълумотларига қараганда, 16 июнь ҳолатига кўра, Россияга юқорида қайд этилган ҳудудлардан бор-йўғи 1 миллион 230 минг 800 нафар қочқин келган.

«Охирги маълумотларга кўра, Россия билан чегарани 2 миллиондан ортиқ киши кесиб ўтган, улардан 323 минг нафари болалар. Келганларнинг ярми Донецк ва Луганск фуқароларидир», — деган «ТАСС» манбаси.

Киевдаги энг хавфли ҳудудлар маълум қилинди

Киевда ҳалигача бориш хавфли бўлган боғлар ва майдонлар мавжуд. Бу ҳақда Киев шаҳар ҳарбий бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари Николай Поворозник маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, пойтахтдаги аксарият боғлар ва хиёбонларда портловчи моддалар бор-йўқлиги текширилмоқда. Шу билан бирга, ўрмон зоналари билан чегарадош парклар ҳам хавфли бўлиб қолмоқда.

Унинг таъкидлашича, хавфли ҳудуд — истироҳат боғи, майдон ёки ўрмон зонасига киришдан олдин у ердан ўтиш тақиқланганлигини билдирувчи огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилган.

АҚШ бош прокурори ҳеч қандай огоҳлантиришсиз Украинага ташриф буюрди

АҚШ бош прокурори Меррик Гарленд Украинага кутилмаган ташриф билан келди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Энтони Коли Twitter’да маълум қилди.

«Эълон қилинмаган сафари чоғида бош прокурор Меррик Гарленд Украинага ташриф буюрди ва АҚШ уруш жиноятлари ҳамда ваҳшийликларга алоқадор шахсларни аниқлаш, ушлаш, шунингдек, жиноий жавобгарликка тортишда ёрдам бериш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлади», — деб ёзган Коли ўзининг саҳифасида.

Bugun — LIVE