Жамият - 20:36 · 21.06.2022

Мирзиёев ва Алиев стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияни имзолади

Кўксаройда ўтган самарали музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларацияни имзолаган.

Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида 18 та ҳужжат имзоланди. Ҳудудлараро ҳамкорлик, саноат, халқаро автомобиль қатнови, ноқонуний миграцияга қарши курашиш, ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳаларидаги ҳамкорлик, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури шулар жумласидан.

Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишларида амалий шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Аввалроқ Озарбайжон президенти Ўзбекистонга етиб келгани, шунингдек, Кўксаройда Илҳом Алиевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, Мирзиёев ва Алиев тор доирада учрашув ўтказган. Ҳамда Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 21 июнь куни икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказгани хабар берилганди.

Bugun — LIVE