Жамият - 18:52 · 21.06.2022

Ўзбекистон ва Озарбайжон делегациялари кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди — фото

Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 21 июнь куни икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев йиғилишда ўзаро манфаатли ҳамкорлик юксак даражага чиққани, мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашув мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди. Ўзбекистон–Озарбайжон стратегик шериклигини янада кенгайтириш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишга интилиш қатъий эканини тасдиқлади.

Ўзбекистон Президенти ҳамкорлик учун мавжуд улкан салоҳиятни ишга солиш, икки мамлакат иқтисодиётини тўлдириб турувчи омиллардан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, давлат раҳбари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, виночилик, озиқ-овқат, қурилиш, нефть-газ, газ-кимё, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда қатор лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этди. Мамлакатларда истиқболли кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш мақсадида қўшма Инвестиция фондини ташкил этишга келишиб олинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилиш учун давлатлар ҳудудидаги эркин иқтисодий зоналарда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Шу маънода транспорт коммуникациялари тизимидан, шу жумладан, Боку–Тбилиси–Қарс темир йўлидан фойдаланган ҳолда бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари келишиб олинди. Икки томонлама савдо ва товарлар транзити йўлидаги тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш учун транспорт вазирлари раҳбарлигидаги махсус ишчи гуруҳ ташкил этилади.

Ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши қишлоқ хўжалиги бўлиб, бу борадаги имкониятлар қайд этилар экан, мутасадди вазирларга ипакчилик кластерини ташкил этиш, ғўзачиликдаги лойиҳаларни илгари суриш, инновацион ишланмаларни жорий қилиш бўйича «йўл харитаси»ни келишиб олиш топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар муҳим ўрин тутади. Томонлар яқин фурсатда мамлакатлар пойтахтлари ва йирик шаҳарлари ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишига келишиб олди. Давлат раҳбари 2022 йилда Тошкент шаҳрида биринчи Ҳудудлар форуми ва уларнинг саноат салоҳиятига бағишланган кўргазмани ўтказиш таклифини илгари сурди.

Туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳам ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши қайд этилди. Президентлар бу борада алоҳида дастур қабул қилиш ва қўшма туризм ярмаркасини ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлади.

Музокаралар чоғида маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, Маданият ва кино кунларини ўтказиш, олий таълим даргоҳлари, илмий муассасалар, спорт ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш юзасидан қатор бошқа келишувларга ҳам эришилди.

Аввалроқ Озарбайжон президенти Ўзбекистонга етиб келгани, шунингдек, Кўксаройда Илҳом Алиевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, Мирзиёев ва Алиев тор доирада учрашув ўтказган.

Bugun — LIVE