Иқтисод - 21:50 · 21.06.2022

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити муносабати билан авиақатновларга чегирма эълон қилинди

«Uzbekistan Airways» Қурбон ҳайити муносабати билан авиақатновларга чегирма эълон қилди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Келтирилишича, Қурбон ҳайити байрами муносабати билан 2022 йил 9 июлдан 12 июлгача амалга ошириладиган барча маҳаллий авиақатновларнинг барча турдаги тарифларига 50 фоизлик чегирма берилади.

Президентнинг 30 апрелдаги фармони билан 2022 йилда қўшимча дам олиш кунларини белгилаш тўғрисидаги ҳужжатга ўзгартириш киритилди.

Унга кўра, 11 июль куни барча ходимлар учун қўшимча ишланмайдиган кун этиб белгиланган. Шу билан бирга, беш кунлик иш ҳафтасида фаолият олиб борадиган ходимларнинг дам олиш куни 16 июль, шанба кунидан 12 июль, сешанба кунига ўзгартирилган.

Олти кунлик иш ҳафтасида фаолият олиб борадиган ходимлар учун 12 июль, сешанба куни ҳам қўшимча ишланмайдиган кун сифатида кўрсатилган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Қурбон ҳайити 2022 йил 9 июль кунига белгиланган.

Ўзбекистонликлар Қурбон ҳайитида 4 кун дам олади:

  • 9 июль — шанба, дам олиш куни(расман тасдиқланмаган);
  • 10 июль — якшанба, календарь бўйича дам олиш куни;
  • 11 июль — душанба, барча учун дам олиш куни;
  • 12 июль — сешанба, кўчирилган дам олиш куни.

Эслатиб ўтамиз, АОКАда 2021 йил 24 июль, шанба куни «Вақф» хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров иштирокида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда Қурбон ҳайити давомида неча сўмлик эҳсон қилингани очиқланганди. Маълум қилинишича, «Вақф» фонди томонидан ҳомийлар ва ҳамкорларни жалб этган ҳолда 504 миллион сўм маблағ ажратилган.

«Шу маблағ ҳисобидан республика бўйлаб жами 36 дона қорамол қурбонлик қилиниб, 7545 килограмм гўшт улашилди. Шунингдек, Фонднинг ҳудудий филиаллари ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда 2 та қорамол ва 35 та қўй қурбонлик қилиниб, 1716 килограмм гўшт тарқатилди», — деди Саидаброр Умаров.

Таъкидланишича, Қурбон ҳайити муносабати билан филиаллар томонидан жалб қилинган хайриялар, жумладан, қурбонликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори учун 197 938 000 сўм сарфланган.

Бундан ташқари, «Вақф» фонди ҳамда унинг ҳудудий филиаллари томонидан республика бўйича 38 та қорамол ва 35 та қўй сўйилиб, ночор, ижтимоий кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор бўлган ва бемор ҳамюртларимиз учун жами 9216 килограмм қурбонлик гўштлари хайрия қилинган.

Bugun — LIVE