Жамият, Қашқадарё - 15:53 · 21.06.2022

Қашқадарёда тиббиёт бирлашмаси инспектори қўлга олинди

Қашқадарёнинг Муборак тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлар бўлими инспектори фирибгарлик устида ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Коллаж: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Таъкидланишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Муборак тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда туман тиббиёт бирлашмаси ходимлар бўлими инспектори Б.Г. фуқаро Ш.ни тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари орқали навбатчи ҳамшира вазифасига ишга киритиб қўйиш эвазига ўз хизмат хонасида 500 доллар ҳамда унинг шахсига оид ҳужжатларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Б.Г.нинг хизмат хонасида белгиланган талабларига зид равишда рўйхатга олинмасдан ва кўриб чиқилмасдан қолдирилган 63 нафар фуқаронинг мурожаатлари мавжудлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлар ўтказилмоқда.

Аввалроқ Самарқанд давлат университети ўқитувчиси пора билан ушланганди. Шунингдек, ДХХ Сирдарёда «электросеть»нинг 2 ходимини пора билан қўлга олган.

Bugun — LIVE