Жаҳон - 14:41 · 21.06.2022

Россия Украинадаги урушга КХШТ кучларини жалб қиладими?

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти кучлари Украинадаги урушга жалб қилинмаслигини айтди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Zerkalo.az»

Песковнинг сўзларига кўра, КХШТ кучларини ҳарбий амалиётларга жалб этиш имконияти масаласи кўриб чиқилмаган. Путиннинг матбуот котиби ташкилотнинг аҳамияти катталигини қайд этган.

«КХШТ яқин ўтмишда ўзининг самарадорлиги ва долзарблигини кўрсатди. Ташкилотни ривожлантириш ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларимиздан биридир», — дейди у.

Аввалроқ Путин Қозоғистонни Украинага қарши урушда иштирок этишга таклиф қилгани айтилган. Қозоғистон эса бу сўровни рад этган. Қозоғистон, шунингдек, Донецк ва Луганскни тан олмаган. АҚШ республиканинг урушдаги позициясига муносабат билдириб, уни қўллаб-қувватлаган.

Шунингдек, Россия Қирғизистондан Украинага қарши ҳужумда иштирок этишни сўрагани хабар қилинган. Қирғизистон Мудофаа вазирлиги қуролли кучларни давлат чегарасидан ташқарида қўллашни режалаштирмаётганини таъкидлаган.

Bugun — LIVE